Ҳиндистон Японияни ортда қолдириб, дунёда тўртинчи йирик иқтисодиётига айланди

26.05.2025 16:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ҳиндистон расман дунёдаги тўртинчи энг йирик иқтисодиётига айланди. Бу ҳақда мамлакатнинг бош иқтисодий таҳлил органи — NITI Aayog раҳбари Б.В.Р. Субраманям маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Ҳиндистон Японияни ортда қолдириб, 4 трлн долларлик ялпи ички маҳсулот ҳажмига эришган.

Hindiston

Субраманям Халқаро валюта жамғармасининг сўнгги ҳисоботини келтириб, Ҳиндистон 2024 йилда бешинчи ўринда бўлганини, 2025 йилга келиб эса Япониядан ўтиб кетганини қайд этди. Энди мамлакатдан фақат АҚШ, Хитой ва Германия катта иқтисодга эга.

Унинг сўзларига кўра, Ҳиндистон яқин 2,5–3 йилда дунёдаги учинчи йирик иқтисодга айланишни мақсад қилган. Бунинг учун режалаштирилган иқтисодий ислоҳотлар ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш асос бўлади.

Халқаро валюта фондининг 2025 йилги баҳолашига кўра, Ҳиндистоннинг ялпи ички маҳсулоти 4,19 трлн долларга етади. Бу Япониянинг шу йилги кутилган 4,18 трлн долларлик кўрсаткичидан бироз юқори. Шу билан бирга, Ҳиндистон иқтисоди 2025–2026 йилларда 6,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Бу аввалги 6,5 фоизлик прогноздан камроқ бўлса-да, иқтисодий барқарорлик сақланиши таъкидланмоқда.

Айни пайида дунёнинг учинчи иқтисодиёти бўлиб турган Германиянинг эса ўсиш суръати йилига 0,3 фоизга тенг. Бинобарин, Ҳиндистон 2027-2028 йилларга бориб, Германияни қувиб ўтиши проноз қилинмоқда.

Субраманям Ҳиндистоннинг умумий геосиёсий ва иқтисодий муҳити бу ўсишга имкон яратаётганини таъкидлади. Шунингдек, у 2014 йилдан буён аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад икки баравар ошганини қайд этди.