TRIAL International ўз мурожаатини Швейцария Ташқи ишлар департаменти (EDA) ва ESA — фондлар фаолиятини назорат қилувчи бошқа бир органга йўллаган. Ҳозирча жамғарманинг молиявий шаффофлиги ва қонунчиликка мослиги ўрганилмоқда. Текширув ҳақида биринчи бўлиб nau.ch нашри хабар берди.
GHF жамғармаси АҚШ кўмагида, Исроил режаси доирасида ташкил этилган бўлиб, у Ғазо аҳолисига ёрдам етказиш марказларини яратиш ҳамда инсонпарварлик ёрдамини тақсимлаш бўйича амалда ягона ҳуқуққа эга бўлиши керак эди. Бу билан халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ шобалари ҳам фақат шу жамғарма орқали фаолият юритиши керак бўлар эди.
Бироқ БМТ ва айрим кузатувчилар GHFнинг молиявий тизими очиқ эмаслиги, унинг фаолияти фаластинлик аҳолининг оммавий кўчишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдиришди. БМТнинг Фавқулодда ёрдам координатори Том Флетчер GHF иш режасини қаттиқ танқид қилди.
Ҳозирда Швейцария томони жамғарманинг қонуний фаолият олиб борган-бормаганини текширмоқда. Текширув натижалари кейинчалик эълон қилиниши кутилмоқда.