Кузатув Сурия аҳолисининг тахминан учдан бир қисмини қамраб олган. Маҳаллий Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу шахслар ҳақида маълумот тўпланган, улар кузатилган ёки қидирувга берилган.
Кузатувга тушган шахслар орасида асосан сиёсий фаоллар, норозилик намойишчилари, мухолифат аъзолари ва режимга қарши чиқишда гумон қилинган фуқаролар бўлган. Улардан кўпчилиги «терроризм»да айбланиб, ҳибсга олинган ёки судсиз жазога тортилган, деб ёзади Deutsche Welle Сурия ИИВга асосланиб.
Вазирликнинг маълум қилишича, кўплаб фуқаролар ўзларига нисбатан кузатув олиб борилаётганини фақатгина назорат-ўтказиш пунктларида ёки мамлакатни тарк этишга уринган пайтларида билган. Бу ҳолатлар инсон ҳуқуқлари ҳамда шахсий эркинликлар жиддий равишда бузилганини кўрсатади.
2024 йил охирида мамлакатда катта сиёсий ўзгариш юз берди. Қуролли мухолифат гуруҳи — «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» президенти Асад режимига қарши курашда ютуққа эришиб, пойтахт Дамашқни эгаллади. Асад ва унинг оила аъзолари Россияга қочиб кетди.
Мамлакат раҳбарлигига тайинланган янги президент Аҳмад аш-Шаръа халқаро муносабатларни тиклаш ва Ғарб билан мулоқотни яхшилаш ниятида эканини маълум қилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи бу сиёсий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб, май ойида Сурияга нисбатан қўлланган сanksияларнинг бир қисмини бекор қилишга киришди.