Ирландия Исроил компаниялари билан савдони чеклашни бошлади

27.05.2025 09:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқида биринчи бўлиб Ирландия Исроил компаниялари билан савдога чеклов киритиш ташаббуси билан чиқди. Бу қарор Ғазода давом этаётган ҳарбий можаролар ва унинг оғир оқибатлари фонида қабул қилинмоқда.

Irlandiya

Financial Times нашри ёзишича, Ирландия ҳукумати босиб олинган Фаластин ҳудудларида фаолият юритаётган Исроил компаниялари билан тижорий алоқаларни тақиқловчи қонун лойиҳасини тайёрлашга киришди. Мамлакат ташқи ишлар ва савдо вазири Саймон Харрис сешанба куни бу жараённи расман бошлаб бериши кутилмоқда.

Ирландия ҳукумати ушбу чорани инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилиш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда. Харриснинг таъкидлашича, бу ташаббус Исроил томонидан содир этилаётган эҳтимолий ҳарбий жиноятларга нисбатан жиддий муносабат белгисидир.

Айни пайтда Ирландиянинг бу позицияси Европа Иттифоқи миқёсида кенг муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда. Чунки ушбу қонун лойиҳаси, агар қабул қилинса, Исроил компаниялари билан иқтисодий алоқаларга сезиларли таъсир кўрсатади.

Ирландия аввал ҳам Фаластин масаласида танқидий позицияси билан ажралиб турган давлатлардан бири сифатида танилган. Бу сафар эса у Европа миқёсида ҳуқуқий чораларни амалга оширишда илк бўлиб қадам ташламоқда.