Ногиронлик пенсиялари энди автоматик тарзда тайинланади

29.05.2025 12:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда пенсия ва компенсация тайинлаш тартиби янада соддалаштирилади. Президент қарорига кўра, энди айрим тоифадаги фуқароларга мурожаатсиз, автоматик тарзда давлат ёрдамлари берилади.

Nogironlik nafaqasi

Қарорга мувофиқ, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги белгиланган шахсларга пенсия тайинлаш учун алоҳида ариза талаб этилмайди. Бундай ҳолларда давлат пенсияси проактив тарзда тайинланади, яъни тизим автоматик равишда уни ҳисоблаб чиқаради. Шу билан бирга, фуқаролар бундай тайинланган пенсияни рад этиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бундан ташқари, кўриш қобилияти бўйича биринчи гуруҳ ногиронлиги бор шахсларга, шунингдек, ядровий полигонлар ва радиация манбаларида хизмат қилган шахсларга ҳам компенсациялар электрон маълумотлар асосида автоматик тарзда белгиланади.

Қарорга кўра, ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида бир йил иш стажига эга бўлган фуқаролар учун пенсия миқдори ҳар икки йилда автоматик тарзда қайта ҳисобланади. Бу ўзгариш фуқароларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда қўшимча енгилликлар яратади.

2025 йил 1 октябрдан бошлаб пенсияларни наъд пулда бериш жараёни ҳам янгиланади. Давлат пенсия таъминоти ва «Халқ банки» орқали амалга ошириладиган тўловлар Face-ID орқали биометрик идентификация ҳамда электрон имзо орқали расмийлаштирилади.