Тергов маълумотларига кўра, икки «ГАЗ» русумли юк машинаси орқали олиб келинган мазкур дори воситалари Тошкент вилоятидаги «Яллама» чегара-божхона пости орқали мамлакатга киритилган. Улар расмий рўйхатдан ўтган масъулияти чекланган жамиятлар номига юборилган бўлиб, «қизил йўлак» орқали тўлиқ божхона назоратидан ўтиши лозим эди.
Бироқ, хизмат вазифасини тўлиқ бажармаган божхона инспектори томонидан машиналар йўлда назоратсиз қолдирилган ва бу ҳайдовчиларга йўналишни ўзгартириш имконини берган. Улар Юқори Чирчиқ туманидаги фуқаролардан бирининг хонадонига бориб, юкларни шу ерда тушириб кетишган.
214 турдаги, жами 52 459 дона дори воситалари китоблар, кийим-кечак ва аксессуарлар орасида яширилган ҳолда олиб кирилган. Улар орасида «Актовегин», «Клексан» ва «Ремаксол» каби муҳим тиббий препаратлар ҳам мавжуд.
Шунингдек, тергов жараёнида маълум бўлишича, шахси ҳали аниқланмаган Қозоғистон фуқароси дориларни чегарадан ноқонуний ўтказиш эвазига ҳайдовчиларга 2000 АҚШ доллари таклиф қилган.
Ҳозирда юк машиналари ҳайдовчилари ва дори воситаларини қабул қилган фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» банди (контрабанда) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, хизмат вазифасини суистеъмол қилган божхона ходимининг ҳаракатларига нисбатан ҳам алоҳида ҳуқуқий баҳо берилиши белгиланган.