АҚШ Хитой талабаларига бериладиган визаларни бекор қилишни бошлади

29.05.2025 13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Хитой ва Гонконгдан келган талабалар визаларини «агрессив тарзда» бекор қилиш режаси ҳақида маълум қилди. Бу қарор АҚШ университетлари молиявий манбалари ва технологик салоҳиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Aqsh

АҚШ Давлат котиби Марко Рубионинг 28 май куни билдиришича, Хитой Коммунистик партияси билан алоқадор ёки стратегик соҳаларда таҳсил олаётган Хитойлик талабалар визалари бекор қилинади. Рубиога кўра, бу чоралар АҚШ хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.

2024 йилда АҚШ университетларида 277 минг нафар Хитойлик талаба таҳсил олган. Уларнинг сони сўнгги йилларда, хусусан, 2019 йилдаги 370 минг нафарлик юқори кўрсаткичдан сезиларли камайган. Бу тенденция АҚШ ва Хитой ўртасидаги геосиёсий кескинлик, АҚШ ҳукуматининг қаттиқроқ текширувлари ҳамда пандемия натижасида юзага келган.

АҚШ расмийлари Хитойнинг очиқ илмий муҳитлар орқали экспорт назорати ва миллий хавфсизлик қонунларини четлаб ўтиши мумкинлигидан хавотирда. Шу боис визаларни қайта кўриб чиқиш ва талабаларга нисбатан текширувларни кучайтиришга қарор қилинган.

Рубионинг баёнотида қанча талабага таъсир қилиш аниқ кўрсатилмаган, аммо ҳатто чекланган миқёсдаги бекор қилиш ҳам АҚШ олий таълим тизимига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобига кўра, халқаро талабалар 2023 йилда АҚШ иқтисодига 50 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган. Уларнинг 54 фоизини эса Хитой ва Ҳиндистон фуқаролари ташкил этган.

Реакциялар ҳам икки томонлама бўлди: инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу қарорни талабалар ҳуқуқлари ва АҚШнинг инновацияда етакчи мавқеига таҳдид сифатида баҳолашмоқда. Хитой ташқи ишлар вазирлиги эса ўз талабаларининг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишини таъкидлади.