Apple iOS 19 ўрнига тўғридан тўғри iOS 26’ни тақдим этади

29.05.2025 17:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Bloomberg агентлиги маълумотига кўра, Apple компанияси ўз операцион тизимлари рақамланиш тизимини тубдан ўзгартиради. Компания iOS 19 ўрнига дарҳол iOS 26’ни чиқаришни режалаштирмоқда.

26

29 май куни Bloomberg агентлиги тарқатган хабарга кўра, Apple компанияси ўз операцион тизимларининг рақамланиш тизимига жиддий ўзгартиш киритади. Энди тизимлар версия рақами билан эмас, балки улар чиқадиган йилдан кейинги рақам билан номланади.

Шу тарзда, ҳозирги iOS 18 версияси ўрнига кутилган iOS 19 эмас, балки тўғридан-тўғри iOS 26 тақдим этилади. Худди шундай ёндашув iPadOS, macOS, watchOS, tvOS ва visionOS тизимларига ҳам тааллуқли бўлади. Улар ҳам мос равишда «2» рақами билан янгиланади.

Apple бу ўзгаришни бренднинг умумий стилини бирхиллаштириш ва фойдаланувчилар ҳамда ишлаб чиқувчиларни адаштирмаслик мақсадида амалга оширмоқда. Ҳозирда компания операцион тизимлари турли рақамларда турибди: масалан, iOS 18, watchOS 12, macOS 15 ва visionOS 2, чунки улар турли вақтларда илк бор ишга туширилган.

Кутилишича, Apple мазкур ўзгариш ҳақида 9 июнь куни бўлиб ўтадиган WWDC (Бутунжаҳон дастурчилар анжумани)да расман эълон қилади. Бу билан Apple рақобатчилар қаторида рақамлаш тизимини йилга боғлаш амалиётини қабул қилмоқда. Масалан, Samsung 2020 йилда Galaxy S10’дан Galaxy S20’га сакраб ўтган, Microsoft эса ўз вақтида Windows 95 ва Windows 98 каби маҳсулотларни чиқарган.

Apple томонидан расмий шарҳ берилмаган. Bloomberg хабарларига кўра, 2025 йил охирига қадар Apple iPhone, iPad ва Mac қурилмалари интерфейсларини ҳам тубдан янгилаб, иконка, меню, илова ва тизим тугмалари кўринишида катта ўзгаришлар амалга оширади.