Ўзбекистонда йирик солиқ тўловчилар ҳиссаси ортиб, бюджет тушумлари ўсмоқда

30.05.2025 16:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда самарали солиққа тортиш тизими ва солиқ органларининг тартибли иши бюджет барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутмоқда. Кейинги ислоҳотлар натижасида йирик солиқ тўловчиларнинг давлат бюджетига қўшаётган ҳиссаси кескин ошмоқда.

Soliq

«Иқтисодий шарҳ» журнали маълумотларига кўра, давлат бюджетига келаётган тушумларнинг асосий қисми айни йирик солиқ тўловчилар фаолиятига боғлиқ. 2024 йил 1 июлдан йирик солиқ тўловчилар тоифасини аниқлаш мезонлари янгиланиб, уларнинг рўйхати қайта шакллантирилди.

2024 йилда давлат бюджетига умумий солиқ тушумлари 199,6 трлн сўмни ташкил этди. Бунинг 123,3 трлн сўми — йирик солиқ тўловчилар ҳиссасига тўғри келиб, умумий тушумлардаги улуши 61,8 фоизни ташкил этди.

Солиқ тушумлари улуши 2020 йилдаги 47 фоиздан 2024 йилда қарийб 62 фоизгача ўсди. Бу тенденция солиқ тўловчилар сони билан ҳам узвий боғлиқ: 2021 йилда 1120 та йирик солиқ тўловчи ҳисобланган бўлса, 2024 йилда уларнинг сони 959 тагача камайган бўлса-да, тушумлар улуши 64 фоизгача етган.

Бюджет-солиқ илмий тадқиқотлар институти олимлари Дониёр Раҳмонов ва Мансур Абдиев бу ҳолатни йирик корхоналарнинг солиқ имкониятларини яхшилаш, иқтисодий фаолликнинг ошиши ва солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш билан боғлиқ эканини таъкидламоқда.