29-май куни Москвага расмий ташриф билан келган Ўзбекистон Президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева Россия бош вазири Михаил Мишустин билан учрашди. Томонлар ўзаро савдо, инвестиция, меҳнат миграцияси ва кадрлар тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув чоғида ишчи миграциясини тартибга солиш борасида янги ташаббуслар кўриб чиқилди. Жумладан, Россияда меҳнат патентларини расмийлаштириш жараёнининг айрим босқичларини Ўзбекистонга кўчириш имконияти муҳокама этилди. Бу миграция жараёнларини соддалаштириш ва вақтини қисқартиришга хизмат қилиши мумкин.
Томонлар саноат ва энергетика соҳаларидаги қўшма лойиҳалар суръати, шунингдек, янги таълим ташаббусларини амалга ошириш, хусусан, олий ўқув юртлари филиалларини очиш ва МИСиС муҳандислик мактабини фаолиятга киритиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Саида Мирзиёева ташриф доирасида Россия президенти маъмурияти раҳбари Антон Вайно, унинг ўринбосарлари Сергей Кириенко ва Алексей Громов, президент ёрдамчиси Владимир Мединский ҳамда Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан ҳам алоҳида учрашувлар ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ва Ўзбекистон Тошкентдаги Сахаров миграция маркази филиалида рус тили бўйича имтиҳонларни йўлга қўйишга келишиб олган эди. Шунингдек, Ўзбекистонликлар учун патент олишга тайёрловчи онлайн платформа ишга туширилган.
Апрел ойида эса миграция жараёнларини тўлиқ Ўзбекистонга кўчириш ташаббуси муҳокама этилган, Россия бу таклифни қўллаб-қувватлаган эди.