Олтин нархи тушиши фонида Ўзбекистон захиралари 30 млрд долларгача қисқариши мумкин — S&P таҳлили

30.05.2025 15:00 | 5 дақиқада ўқилади.

S&P Global Ratings агентлигининг таҳлилига кўра, яқин йилларда Ўзбекистоннинг халқаро захиралари сезиларли равишда камайиши мумкин. Асосий хавфлардан бири сифатида олтин нархининг кутилган пасайиши ва ташқи қарзнинг ўсиши кўрсатилмоқда.

Oltin

Ўзбекистон охирги йилларда энергетика, кончилик, инфратузилма ва ижтимоий харажатларга катта сармоя киритди. Бу давлат қарзининг ўсишига олиб келди — 2020–2024 йилларда умумий қарз йиллик ЯИМга нисбатан ўртача 6,1 фоизга ошиб борди. S&P ҳисоб-китобларига кўра, 2028 йилгача умумий давлат қарзи ЯИМнинг 40 фоизига етиши мумкин.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда бюджет даромадларининг тахминан учдан бири хомашёдан, асосан олтин ва мис экспортидан шаклланади. 2025 йилда олтиннинг юқори нархи бюджетга солиқ тушумларини кўпайтирмоқда. Бироқ агентлик яқин йилларда нархлар пасайишига ишора қилмоқда. Шунга қарамай, нархлар тарихий ўртачага нисбатан ҳали ҳам юқори бўлиб қолади.

Марказий банк захиралари 2024 йилда 49,3 млрд долларни ташкил этди. 2026 йилда бу кўрсаткич 36,3 млрд долларга, 2028 йилда эса 30 млрд долларгача тушиши мумкин. Бунда захираларнинг 77 фоизи олтинда сақланаётгани хавфли концентрацияни юзага келтирмоқда.

Бошқа хавфлардан бири — давлат кафолати берилмаган корхоналар қарзининг давлат бюджетига юкланиши мумкинлиги. 2024 йилда бу қарз ЯИМнинг 4,6 фоизини ташкил этди ва асосан хорижий валютада олинган. Бу маблағлар энергетика ва инфратузилма лойиҳаларига йўналтирилган.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ҳажми ҳам ЯИМнинг 27 фоизига етган. Агар улар самарасиз бошқарилса, қарзларнинг қайтарилиши муаммоли бўлиши мумкин. Шу боис янги меъёрий базанинг жорий қилиниши келгуси мажбуриятларни чеклашни мақсад қилган.

Ички қарз улуши ҳам ортмоқда: 2022 йилда у 11 фоиз бўлган бўлса, 2024 йилда 16 фоизга етди. Бу давлат қарзи бўйича фоиз харажатларини 2024 йилда 77 фоизга оширди. Аммо имтиёзли қарзларнинг юқори улуши сабаб фоиз харажатлари бюджет даромадларининг 5 фоизидан ошмаслиги кутилмоқда.

Шу билан бирга, ҳукумат тўғридан тўғри хорижий инвестициялар оқимини оширишни, хусусийлаштириш дастури орқали маблағ жалб этишни режалаштирмоқда.

Жорий ҳисоб тақчиллиги ва ташқи қарзнинг ўсиши Ўзбекистоннинг тўлов мувозанати билан боғлиқ хавфларини кучайтириши мумкин. 2028 йилга бориб ташқи номутаносиблик 2024 йилги 5 фоиздан, ЯИМнинг 6,2 фоизигача етиши тахмин қилинмоқда. Бунга пул ўтказмалари ўсишининг секинлашиши ва олтин нархининг секин аста тушиб бориши таъсир қилади.