Burger King’ни Ўзбекистонга қозоғистонлик тадбиркор олиб кирмоқда

30.05.2025 17:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистонлик миллиардер Алмас Султангазин Ўзбекистонда Burger King ресторанларини очиш ҳуқуқини қўлга киритди. Унга тегишли Holten Group шу йил март ойида франшизани харид қилди ва тез орада Тошкентда илк муассасалар иш бошлаши кутилмоқда.

King

Burger King бренди жадал ривожланаётган Марказий Осиё бозорига яна бир қадам яқинлашди. Қозоғистонлик йирик тадбиркор Алмас Султангазинга қарашли Holten Group компанияси Burger King Kazakhstan франшизасини март ойида сотиб олди. Энди компания Қозоғистон ва Қирғизистондаги 55 та ресторанни бошқаради, деб ёзмоқда Spot.uz.

Айни пайтда ушбу франшиза орқали Ўзбекистон бозорига кириш режаси ҳам амалга оширилмоқда. Бу мақсадда «International Beverages Tashkent» компанияси Burger King’ни юртимизда очиш учун расмий лицензияни қўлга киритган. Шунингдек, компания биринчи ресторанларни 2–3 ой ичида Тошкентда очишини маълум қилди.

Holten Group компанияси «International Beverages Tashkent»нинг таъсисчиларидан бири саналади. Унинг эгаси — Forbes Kazakhstan маълумотига кўра, Қозоғистоннинг 75 та энг бой тадбиркори қаторига кирган Алмас Султангазин бўлиб, унинг бойлиги 285 млн долларга баҳоланган.

У «International Beverages Tashkent» компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда Pepsi, 7Up, Mirinda каби машҳур ичимликларни ҳам ишлаб чиқаради. Шу билан бирга, Holten Group Гуржистон ва Арманистонда ҳам Pepsi заводларига эгалик қилади. Жорий йилда Гуржистонда янги Pepsi заводи қурилиши режалаштирилган.

Ташкилотлар франшизани бутун Марказий Осиё ҳудудига кенгайтириш ниятида. Агар режалар амалга ошса, Burger King брендининг минтақа бўйича кенгайишига Ўзбекистон стратегик марказга айланиши мумкин.