Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоб-китобига кўра, YouTube монетизациясининг Ўзбекистонда йўқлиги мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир қилмоқда. Агар монетизация йўлга қўйилса, мамлакат ЯИМи 0,05–0,1 фоизга ўсиши мумкин.
Марказий Осиёда фақат Қозоғистонда YouTube монетизацияси мавжуд. Ўзбекистонда эса 13 млн фаол YouTube фойдаланувчиси бор ва 26 мингдан зиёд видеоблогер фаолият юритади. Улардан минг нафари 100 мингдан ортиқ обуначига эга. Тахминларга кўра, йиллик кўришлар сони 36 миллиардга етиб, блогерлар умумий 28,8 млн — 50,4 млн долларгача даромад топиши мумкин.
Монетизациянинг тўлиқ йўқлиги маҳаллий реклама компаниялари ва контент яратувчилар учун ҳам имкониятларни чеклаяпти. Ҳозирча бу хизматнинг ишга тушмаслигига асосий тўсиқ — шахсий маълумотларни республика ҳудудида сақлаш мажбурияти ҳисобланади.
Бундан ташқари, муаллифлик ҳуқуқи ҳимояси, реклама бозоридаги шаффофлик, ўзбек тилини аудио таниш алгоритмларида тан олиш муаммолари ҳам мавжуд. Халқаро тўлов тизимлари — PayPal ва Stripe каби хизматлар расман ишламаётгани ҳам блогерларнинг даромад олиш имкониятларини чекламоқда.
Мутассаддилар Google билан музокаралар олиб бориш, YouTube талабларига мос инфратузилмани яратиш, ўзбек тили учун овозли маълумотлар базасини шакллантириш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлашмоқда.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўз чиқишида ютуберларга чет тилидаги контент орқали даромад қилишни тавсия этган. Унга кўра, бугунги кунда ўзбек блогерларига глобал аудиториядан фойдаланиш имкони каттароқ.