Россияда давлат идоралари, банклар ва телекоммуникация компанияларига фуқаролар билан WhatsApp, Telegram, Viber ва бошқа хорижий мессенжерлар орқали алоқа қилиш тақиқланди. Бу чора 2025 йил 1 апрелдан амалга киритилган киберфирибгарликка қарши қонун доирасида қабул қилинди.
Қонун давлат хизматчилари, банк ва молия ташкилотлари, ижтимоий фондлар, алоқа операторлари, маркетплейслар, йирик онлайн сервислар ҳамда ижтимоий тармоқлар учун амал қилади. Улар хорижий IT-платформалар орқали россияликларга шахсий маълумот ва тўлов ҳужжатларини юбориш ҳуқуқига эга эмас.
Россия бош вазири Михаил Мишустинга кўра, ушбу чекловлар ўзини расмий ёки банк ходими сифатида кўрсатаётган фирибгарларга қарши самарали кураш имконини беради.
2024 йилда Россияда киберфирибгарлар банк ҳисобларидан 27,5 млрд рубл ўғирлаган. Бу ўтган йилга нисбатан 74,4 фоизга кўп. Энг катта улуш — 9,76 млрд рубл — мобил илова орқали тўғридан тўғри ўғирланган.
2025 йил апрелда Москва суди илк бор хорижий мессенжер орқали шахсий маълумот узатган банкни жавобгарликка тортди. Роскомнадзорга мурожаат қилган фуқаро аризасида банк ходими WhatsApp орқали қарздорга хабар йўллагани қайд этилган. Суд банкни 200 минг рубл жаримага тортди.
Россия қонунчилигига мувофиқ, давлат ва молиявий ташкилотлар хорижий мессенжер орқали ҳеч қандай шахсий ёки тўлов маълумотини узатмаслиги керак. 2023 йилда қабул қилинган қўшимча қоидалар бу талабни янада кучайтирди ва расмийларни 700 минг рублгача жаримага тортиш имконини яратди.
Россия Таълим вазирлиги эса 2022 йилдаёқ мактабларда хорижий мессенжерлардан фойдаланишни чеклашни тавсия қилган, ўқитувчиларга эса «VK Мессенжер»га ўтишни маслаҳат берган эди.