Украина дронлар билан Россиянинг 4 та стратегик авиабазасига ҳужум уюштирди

01.06.2025 18:15 | 4 дақиқада ўқилади.

Украина хавфсизлик хизмати «Паутина» («Ўргимчак тўри») операцияси доирасида Мурманск, Иркутск, Рязан ва Иваново областларида жойлашган Россия бомбардимон авиабазаларига дрон орқали зарба берди. Ҳужум натижасида 40 дан ортиқ самолёт йўқ қилинди.

Olenya

Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) 1 июн куни Россиянинг стратегик ҳарбий авиациясига қарши катта ҳужумни амалга оширди. BBC манбаларига кўра, «Паутина» («Ўргимчак тўри») деб номланган махсус ҳарбий амалиёт доирасида тўртта муҳим авиабаза – «Оленя» (Мурманск области), «Дягилево» (Рязан области), «Белая» (Иркутск области) ва «Иваново» ҳаво майдонлари дронлар ёрдамида нишонга олинди.

Мурманск области губернатори Андрей Чибис ҳужумни тасдиқлади. Унинг айтишича, Оленегорск шаҳрида портлашлар ва ёнғин кузатилган, фуқароларга шаҳарни тарк этиш тақиқланган. Телеграм каналларида тарқалган видеоларга кўра, дронлар Оленегорск яқинидаги фурадан учирилган. Ҳодиса жойидан бир ҳайдовчи қўлга олинган. Ушбу базада ядровий қурол таший оладиган Ту-22М3 бомбардимон самолётлари жойлашган.

Иркутск областидаги Средний посёлкасидаги ҳарбий қисми ҳам дронлар ҳужумига учради. Губернатор Игор Кобзев бу ҳудудда биринчи марта шундай зарба амалга оширилганини таъкидлади. Ҳужумнинг асосий объекти «Белая» авиабазаси бўлиб, у ерда 200-гвардия полкининг Ту-22М3 бомбардимон самолётлари жойлашган.

Рязан областида губернатор Павел Малков «Дягилево» аэродромига дрон ҳужуми бўлганини тасдиқлади. Бир учувчи қурол парчалари уй томига тушган, бирор шахс жароҳатланмаган. Бу базада Ту-95МС ва Ту-22М3 самолётлари сақланади.

Иваново базасида эса А-50 радиолокацион кузатув самолётлари йўқ қилингани айтилмоқда. Бу ҳақда расмийлар изоҳ бермаган, аммо «РБК-Украина» манбасига кўра, СБУ раҳбари Василий Малюк бевосита операцияни бошқарган ва умумий зарар 2 млрд доллардан ошган.

Россия Ҳарбий космик кучлари билан боғланган Fighterbomber канали ёзишича, дронлар қисқа масофадан ишга туширилгани учун уларга қарши «Панцир», С-300 каби мудофаа воситаларини қўллашнинг иложи бўлмаган. Каналда «бугун Россиянинг стратегик авиацияси учун қора кун» деб баҳо берилди.