Тўқаев: Президент худонинг вакили эмас, халқ ёллаган бошқарувчидир

02.06.2025 12:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев «Al Jazeera»га берган интервюсида ташқи сиёсат, нотенглик, инсон ҳуқуқлари ва келажак ислоҳотлари ҳақида тўғридан-тўғри ва қатъий баёнотлар берди.

To'qayev

Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев «Al Jazeera» телеканалига берган суҳбатида 2022 йилда халққа берилган ваъда ҳамон амалда эканини ва ислоҳотлар жараёни пандемия ва Украинадаги уруш сабаб секинлашганини билдирди. Унинг таъкидлашича, мамлакат адолат ва инклюзивликка асосланган йўлдан қайтмайди.

Тўқаев ташқи сиёсат масаласида Қозоғистон Россия ва Хитой каби қўшнилар ҳамда Ғарб ўртасида мувозанатни сақлашини билдирди. У Россияни стратегик ҳамкор сифатида таърифлар экан, КТК – Каспий қувур консорциуми орқали нефть экспортини келажакда ҳам давом эттиришни муҳим деб ҳисоблашини айтди.

Иқтисодий ўсиш борасида Тўқаев ЯИМ сўнгги 5 йилда 55 фоизга ўсганини қайд этди, бироқ нотенглик муаммосини тан олди. Унга кўра, аҳолининг 1 фоизи мамлакат бойликларининг 30 фоизини назорат қилмоқда, бу эса жиддий муаммодир ва 2029 йилгача бартараф этилиши керак.

Сиёсий ислоҳотлар борасида Тўқаев ЕХҲТ танқидларини рад этди ва Қозоғистон ташқи босимга эмас, ички стратегияга асосланган сиёсат юритишини таъкидлади. У матбуот ва сиёсий партиялар фаолиятида ҳам очиқликни таъминлашга урғу берди, бироқ қонун устуворлигидан чекинмаслигини билдирди.

Собиқ президент Нурсултон Назарбоев ҳақида сўралган саволга Тўқаев мувозанатли жавоб қайтарди. У 2022 йилнинг ўзида давлатга 1,2 миллиард доллардан зиёд маблағ қайтарилганини таъкидлаб, барқарорликни энг муҳим устуворлик сифатида кўрсатди.

Суҳбат якунида Тўқаев президентлик муддатини 2029 йилда тугатишини яна бир бор тасдиқлади ва ўзининг вазифасини халқ томонидан тайинланган менеджер сифатида баҳолади: «Президент — худонинг вакили эмас», — деди у.