Жаҳон авиакомпаниялари 2025 йил фойдаси бўйича прогнозни пасайтирди

02.06.2025 15:40 | 4 дақиқада ўқилади.

Иқтисодий беқарорлик, савдо можаролари ва самолёт етказиб беришдаги кечикишлар туфайли халқаро авиация саноати 2025 йил фойдаси бўйича прогнозни 1,6 фоизга камайтирди.

Emirats

Халқаро ҳаво транспорти уюшмаси (IATA) маълум қилишича, глобал авиакомпаниялар 2025 йилда 36 миллиард доллар миқдорида умумий фойда олиши кутилмоқда. Бу аввалги — 36,6 миллиард долларлик прогнозга нисбатан камроқдир. Бунга асосий сабаблар сифатида савдо можаролари, истеъмолчилар ишончининг пасайиши ва самолёт етказиб беришдаги кечикишлар кўрсатилган.

Шу билан бирга, ушбу фойда 2024 йилда қайд этилган 32,4 миллиард доллардан кўпроқ бўлиб, унга асосий таъсир этувчи омиллар сифатида паст нефт нархлари ва тарихий рекорд даражадаги йўловчи оқими қайд этилмоқда.

IATAнинг Ню-Деҳлида ўтказилган йиллик йиғилишида эълон қилинган маълумотларга кўра, умумий даромадлар прогнози ҳам қайта кўриб чиқилди — 2,1 фоизга пасайиб, 979 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда. Бу кўрсаткич тарихдаги энг юқори кўрсаткич бўлса-да, аввалги 1 трлн долларлик прогноздан камроқдир.

IATA раҳбари Уилли Уолшнинг таъкидлашича, ҳар бир йўловчи учун фойда ўртача 7,20 долларни ташкил қилади, бу эса саноат учун эҳтимолий хатарлар олдида жуда кичик захира ҳисобланади.

Авиация соҳасидаги самолёт етказиб бериш кечикишлари авиакомпанияларнинг ўсиш режаларига тўсқинлик қилмоқда. Бу кечикишлар айниқса, талаб юқори бўлган минтақаларда авиапаркларни янгилашга жиддий таъсир қилмоқда. Ушбу ҳолат эксплуатация харажатларини ҳам оширмоқда, чунки авиакомпаниялар эски самолётларни сақлаб туриш ёки эҳтиёт қисмлар учун қиммат тўлашга мажбур бўлмоқда.

IATAнинг ҳисоблашича, 2025 йилда умумий харажатлар 913 миллиард долларга етади. Бу 2024 йилга нисбатан 1 фоизга кўпроқ, аммо аввалги 940 миллиард долларлик баҳодан камроқдир. Ёнилғи нархларининг тушиши самолёт таъмири харажатларини қисман компенсациялаши кутилмоқда.

Шунингдек, юк ташиш хизматлари даромади 2025 йилда 4,7 фоизга пасайиб, 142 миллиард долларга тушиши тахмин қилинмоқда. Бу эса глобал иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва протекционистик сиёсатлар, жумладан, божлар таъсири билан боғланмоқда.

Уилли Уолшнинг таъкидлашича, бож юкларини ишлаб чиқарувчилар мижозларга юклатиши эҳтимоли юқори ва бу авиачипталар нархига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Унинг фикрича, барча харажатлар охир-оқибат истеъмолчининг зиммасига тушади.