Тошкент турфирмаларига «Ўзбекистон – БАА» ўйинига турлар сотмаслик тавсия қилинди

02.06.2025 12:40 | 3 дақиқада ўқилади.

5 июн куни бўладиган Жаҳон чемпионати саралаш учрашуви муносабати билан Тошкент Туризм бошқармаси турфирмаларни БААга гуруҳли саёҳатлар ташкил қилмасликка чақирди. Стадионда мухлисларни жойлаштиришда жиддий муаммолар юзага келиши мумкин.

Jch

Тошкент шаҳар Туризм бошқармаси 5 июн куни БААда бўлиб ўтадиган «Ўзбекистон – БАА» футбол учрашуви муносабати билан турфирмаларга махсус мурожаат йўллади. Унда мамлакат футбол жамоасига мухлислик қилиш мақсадида катта миқдорда фуқароларнинг БААга ташрифи кутилмоқдаги ва бу жамоат хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.

Маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқларда спорт блогерлари ва фан-клублар томонидан кенг тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Натижада, 5 минг нафарга яқин фуқаронинг БААга сафар қилиш нияти бор. Аммо Абу Даби шаҳридаги «Ал-Ваҳда» жамоасининг стадиони 12 минг томошабинга мўлжалланган бўлиб, Осиё футбол конфедерацияси (AFC) қоидаларига кўра, меҳмон жамоа мухлислари учун фақат 8 фоиз (960 ўрин) ажратилиши керак.

Шу сабабли, юртимиздан келувчи кўп сонли мухлислар стадионга кириш имкониятидан маҳрум бўлиши, бу эса аэропортларда тўпланиш ва хавфсизлик қоидалари бузилишига сабаб бўлиши мумкин. Туризм бошқармаси айнан шундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида турфирмаларга туристик пакетларни сотмасликни тавсия қилмоқда.

Мазкур учрашув Жаҳон чемпионати – 2026 саралаш босқичининг 3-босқичининг якунланишидан олдинги битта тур ҳисобланади. Ўзбекистон терма жамоасига Жаҳон чемпионатига йўл олиш учун дуранг натижа ҳам кифоя қилади.