Reuters агентлиги хабарига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп 31 май куни импорт қилинадиган пўлат ва алюминийга бож миқдорини 25 фоиздан 50 фоизгача оширишни режалаштираётганини маълум қилди. Бу эса дунё фонд бозорларида, жумладан Европада, инвесторлар кайфиятига салбий таъсир кўрсатди.
Натижада, умумевропа STOXX 600 индекси 2 июн куни соат 11:31 да (МСК) 0,1 фоизга пасайди. Қимматли қоғозлар нархининг энг кўп тушиши Iveco Group (–3,7 фоиз), Barry Callebaut (–3,6 фоиз) ва Clariant (–3,5 фоиз) акцияларида қайд этилди.
Германиянинг DAX индекси 0,3 фоизга, Франция бозоридаги асосий индекслар эса 0,4 фоизга пасайди. Бу иқтисодий мувозанатга бўлган ишончнинг камайиши ва глобал савдо низоларининг авж олиши билан боғлиқ ҳолатдир.
Шу билан бирга, Буюк Британиянинг FTSE 100 индекси 0,1 фоизга ўсиш қайд этди. Мутахассислар буни миллий омиллар ва валюта бозоридаги барқарорлик билан изоҳлашмоқда.
Трампнинг божларни оширишга оид баёноти АҚШ ва Европанинг савдо муносабатларига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Айрим таҳлилчилар бундай сўзлар ортидан янги савдо зиддиятлари пайдо бўлиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.