Хартумда вабо тарқалиб икки кунда 70 киши вафот этди

02.06.2025 20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Судандаги соғлиқни сақлаш органлари Хартум шаҳрида охирги икки кунда вабодан камида 70 нафар киши вафот этганини маълум қилди. Ҳукумат эпидемияга қарши шошилинч чоралар кўрмоқда.

Sudan

Судан пойтахти Хартумда вабо эпидемияси кучайиб бормоқда. «Al Jazeera» нашрининг ёзишича, сўнгги икки кунда камида 70 киши вабо сабабли ҳаётдан кўз юмган. Минглаб одамлар юқтиргани гумон қилинмоқда, шифохоналарда эса беморлар оқими ортиб бормоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳолатни жуда жиддий деб баҳолаб, фавқулодда санитар ҳолат эълон қилган. Шифокорлар дезинфекция ишлари ва аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш бўйича шошилинч чоралар кўрмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам суданлик мутасаддилар билан ҳамкорликда эпидемияга қарши кураш олиб бормоқда.

Ҳукумат ушбу ҳолатнинг тарқалишига фуқаролик уруши ва инфратузилманинг издан чиққанлиги сабаб бўлганини таъкидламоқда. Бир неча ҳафтадан бери электр таъминотидаги узилишлар ва ифлосланган сув манбалари аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Айни пайтда инсонпарвар ташкилотлар юзлаб маҳаллий аҳолига ёрдам кўрсатишга уринаётган бўлса-да, хавф ҳануз юқори даражада. Мутахассислар ҳолат янада ёмонлашиши мумкинлигидан огоҳланмоқда.

Хартум аҳолиси орасида тартибсизлик, хавотир ва миграция ҳолатлари ҳам ортиб бораётгани қайд этилмоқда. Бир қанча маҳаллий мактаблар ва давлат муассасалари вақтинча ёпиб қўйилди.