
Инсон нега бугунги ишни эртага қолдиришга мойил? — Психологлар тушунтиради
02.06.2025 | 20:15507310 дақиқа
Халқимизда «бугунги ишни эртага қўйма», «Қолган ишга қор ёғар» каби пурмаъно мақоллар бор. Инсон табиатан эринчоқ, бугун тугатиб қўйиш мумкин бўлган ишни эртага силташни яхши кўради. Қарангки, замонавий психологлар шу ҳолни ҳам ўрганиб, унга прокрастинация деб ном беришган экан.

Прокрастинация – бу муҳим вазифаларни бажаришни кечиктириш, уларнинг ўрнига камроқ аҳамиятли ишларни бажаришга мойилликдир. Бошқача айтганда, одам ўзига керак бўлган ишни қилиш ўрнига уни кейинга суради, гарчи бу кечикиш унга муқаррар зарар етказиши мумкинлигини тушунса ҳам.
«Буни эртага қиламан. Ҳозир бир пиёла чой ичиб, яна бир бор ижтимоий тармоқларни кўздан кечириш менга айни муддао». Бу ҳолат кўпчилигимизга таниш. Шунингдек, муҳим лойиҳани бошлашни кечиктириш, тил ўрганишни ортга суриш ёки спорт билан шуғилланишни бошлай олмаслик.
Аммо бу одатнинг туб моҳияти нимада? Шунчаки одатми ёки ўзимизга зарар етказадиган жиддий муаммо?
Тарих давомида ҳатто энг буюк шахслар ҳам прокрастинация билан курашган. Леонардо да Винчи Мона Лиза асарини йиллар давомида чизган, Виктор Гюго эса ўз хизматкорига кийимларини яширишни буюрган – фақат шундагина у уйдан чиқиб кетолмаган ва ёзишга мажбур бўлган. Бу каби ҳикоялар ҳатто даҳолар ҳам кечиктириш васвасасидан холи бўлмаганини кўрсатади.
Аммо савол очиқ қолади: инсон ақли нега ҳатто вазият жиддий бўлса ҳам муҳим масалаларни кечиктиришни танлайди?
Прокрастинация бўйича тадқиқотлар ўнлаб йиллар давом этиб, ажабланарли ва ўйлантирувчи хулосаларни берган. Хулқ-атвор бўйича олимлар бизнинг ҳис-туйғуларимиз, вақтни идрок этишимиз ва қарор қабул қилишимиз ўртасидаги мураккаб боғлиқликка эътибор қаратишади.
Қийин вазифага дуч келганимизда, кўпинча муваффақиясизликдан қўрқиш ҳиссини бошдан кечирамиз, бу эса вазифадан қочишга олиб келади. Шу боис биз вақтинча ўзимизни тинчлантириш учун ўйин-кулги ёки унчалик муҳим бўлмаган ишлар билан шуғулланамиз. Бироқ, бу фақат вақтинчалик енгиллик бериб, келажакда янада катта стресс, паст натижалар ва кўпинча пушаймон бўлишга сабаб бўлади.
Ўз-ўзини бошқаришдаги муваффақиясизлик
Психолог Тимоти Пичил прокрастинацияни «ўз-ўзини бошқаришдаги муваффақиятсизлик», деб таърифлайди. Яъни, биз нима қилишимиз кераклигини биламиз, аммо ҳаракат қилиш учун иродани жамлай олмаймиз.
Қизиқ жиҳати шундаки, кечиктиришлар бир хил эмас. Психологлар «доимий прокрастинаторлар» ва «вазиятга боғлиқ прокрастинаторлар» борлигини таъкидлайди.
Доимий прокрастинаторлар ҳаётларининг барча жабҳаларида кечиктиришга мойил бўлиб, кўпинча ўзига паст баҳо бериш, перфекционизм ёки танқиддан қўрқиш каби чуқур ҳиссий муаммоларга дуч келишади. Бундай кишилар учун прокрастинация нотўғри мослашув стратегиясига айланиб, қисқа муддатли енгиллик беради, лекин узоқ муддатли зарар келтиради.
Вазиятга боғлиқ прокрастинаторлар эса фақат иш ёки ўқиш жараёнида кечиктиришга мойил бўлиб, бу кўпинча аниқ мақсадларнинг ёки етарлича тартиб-интизомнинг йўқлиги билан боғлиқ бўлади.
Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики, айрим кечиктиришлар стратегик жиҳатдан фойдали бўлиши ҳам мумкин. Бу инсонга қўшимча маълумот тўплаш, танловлари устида ўйлаш учун кўпроқ вақт беради. Аммо аксарият одамлар учун бу одат ўз-ўзини саботаж қилишга олиб келади. Доимий прокрастинаторлар эса кўпинча ўзларини қочиш, айбдорлик ва паст баҳолаш доирасида қолиб кетгандек ҳис қилишади, бу эса улар қутулмоқчи бўлган одатни янада мустаҳкамлайди.
Прокрастинациядан қутулишни истаганлар учун муҳим тавсиялар:
- Ички таҳлил қилиш – прокрастинацияга сабаб бўладиган фикрларни аниқлаш. Масалан, «Ишни бошлаш учун кайфиятим яхши бўлиши керак» ёки «Эртага кўпроқ кучга эга бўламан» каби фикрлар аслида чуқурроқ қўрқув ва ноқулайликни яшириши мумкин.
- Ишнинг йирик ҳажмидан қўрқмаслик учун уни майда босқичларга бўлиш.
- Помодоро техникаси каби вақт бошқарув усулларини қўллаш – бу усул қисқа ишлаш даврларини белгилаш орқали диққатни жамлашга ёрдам беради.
- Эътиборни чалғитувчи омилларни минималлаштириш, аниқ мақсадлар қўйиш ва ҳаракатларни мукофотлаш.
Рухсора Жовлиева тайёрлади.





