Маошнинг ярми кредитга кетаётгани муаммолар келтириб чиқариши мумкин — Марказий банк  

02.06.2025 17:40 | 5 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда аҳоли томонидан олинаётган қарзлар ойлик даромаднинг ярмига тенглашган, Марказий банк эса бундай юк молиявий барқарорликка таҳдид солиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Ipoteka kredit

Ўзбекистонда аҳолининг қарз юки ошиб бораётгани ва бу молиявий барқарорликка таҳдид солаётгани ҳақида Марказий банк сўнгги таҳлилида жиддий огоҳлантирув билан чиқди. Қарз миқдори ортиши, айниқса, ойлик даромаднинг ярмигача кредитга йўналтирилаётган ҳолатлар келгусида молия тизимида муаммолар келтириб чиқариши мумкин.

Марказий банкнинг 2024 йилги «Молиявий барқарорлик шарҳи»га кўра, аҳолининг кредит юки ўртача 34 фоизни ташкил этмоқда. Банк қарздорларининг катта қисми ойлик даромадининг камида ярмини қарз тўлашга сарфлаяпти. Бундай аҳоли тоифасининг қарзлари умумий кредитларнинг 40 фоизига тенг бўлиб, бу жуда юқори кўрсаткич саналади.

Таҳлилларга кўра, иқтисодиётда инфляция ўсиши, ишсизликнинг ошиши ёки реал иш ҳақи пасайиши банклар учун хавфли бўлиши мумкин. 2027 йилга бориб тўртта йирик банк белгиланган капитал талабидан пастга тушиб кетиш эҳтимолига дуч келиши мумкин. Бу эса уларнинг барқарорлигига жиддий хатар солади.

Шу билан бирга, ҳозирча банклар ликвидлик бўйича барқарор аҳволда. 2025 йил охиригача банклар маблағ оқимини таъминлашга қодир, ҳатто йирик мижозлар омонатларини қайтариб олса ҳам, муаммоларни ҳал қилиш имконияти бор. Бироқ, айрим банклар йирик мижозларга боғланиб қолгани келажакда хавф манбаи бўлиши мумкин.

2024 йилда уй-жой бозоридаги ҳаддан ташқари баҳоланиш ҳам хавотир уйғотмоқда. Уйлар асл қийматидан ўртача 17 фоизга қиммат баҳоланган. Ипотека шартларининг қатъийлашуви натижасида савдолар камайган. Шу билан бирга, автокредитлар сегментида вазият бироз яхшиланган, транспорт соҳасида қарз юки пасайган.

Микроқарзлар тўловининг кечикиши алоҳида хавф сифатида кўрсатилмоқда. Айрим банкларда муаммоли микроқарзлар улуши юқори бўлиб, уларни қоплаш учун захиралар етарли эмас. Бу эса бундай кредитлар бўйича хавф даражасини кескин оширмоқда.

Ташқи хавфлар ҳам Марказий банк диққат марказида. Сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 53 фоизи геосиёсий нотинчликни асосий хавф деб билган. Шунингдек, инфляция, валюта курси ўзгариши, аҳоли қарзининг ортиши ва киберҳужумлар энг катта хавфлардан саналган.

Умуман олганда, респондентларнинг ярмидан кўп қисми келгуси 1 йилда жиддий хатар юзага чиқишини кутмаётганини билдирган. Бироқ 3 йил ичида хавф эҳтимолини ўртача даражада деб баҳолаганлар сони кўп. Шу билан бирга, 67 фоиз иштирокчи мамлакат молия тизимига ишончини сақлаётганини таъкидлаган.