Японияда ишчиларни иссиқда ишлатган компаниялар жаримага тортилади

02.06.2025 21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Японияда ҳаво ҳарорати юқори бўлган пайтда ходимларини ишга мажбурлаган компанияларга қарши кескин чоралар белгиланди. Янги қонунга кўра, бундай ҳолат учун 3500 долларгача жарима қўлланилади.

Japan jara

Бу чоралар 2024 йилда юзага келган фожеалар — иш жойида иссиқ туфайли 30 кишининг ҳалок бўлиши ва қарийб 1200 нафар ходимнинг жароҳат олиши ортидан жорий этилди. Ҳукуматнинг маълум қилишича, ҳалок бўлганларнинг кўпчилиги қурилиш ва ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритганлар.

Янги тартибларга кўра, компаниялардан иш жойларини кондиционерлар билан жиҳозлаш, зарурат туғилганда ходимларни шошилинч равишда шифохонага етказиш имкониятини таъминлаш талаб этилади.

Қонунга мувофиқ, агар иш жойидаги ҳарорат бир соатдан ортиқ ёки бир кунда тўрт соат ёки ундан кўп вақт давомида 31 даражадан ошиб кетса, бундай шароитда меҳнатни ташкил этиш учун махсус профилактик чоралар кўрилиши шарт.

Мазкур қонун Япониянинг иш муҳитини хавфсизлаштириш, юқори ҳароратдан келиб чиқадиган соғлиқ хавфларини камайтиришга қаратилган. Япон расмийларига кўра, бундай чоралар орқали ҳар йили такрорланаётган қурбонликлар олди олиниши мумкин.