Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ва Япониянинг JCAEMCE ташкилоти ўртасида 10 минг ўзбекистонликни Японияда ишга жойлаштиришга оид келишув имзоланди. Ушбу келишув келаси беш йил мобайнида амалга оширилиши режалаштирилган.
Келишув доирасида Тошкент, Самарқанд ва Наманган вилоятларида «Yapon Mahorat Nuri» номли махсус курслар ташкил этилади. Бу курсларда иштирокчилар япон тили ва зарур касбий кўникмаларни ўрганиб, имтиҳонларни муваффақиятли топшириш орқали Японияда ишлаш имконига эга бўлади.
Шунингдек, 2025 йил июндан бошлаб WiseBridge номли рақамли платформа ишга туширилади. Бу орқали иш изловчилар Япония иш берувчилари билан бевосита мулоқот қилиб, керакли ҳужжатларни мустақил равишда расмийлаштиришлари мумкин бўлади.
Агентлик барча қизиқувчиларни 71−202−33−55 (ички рақам 545) телефони орқали батафсил маълумот ва маслаҳат олиш учун мурожаат қилишга чақирмоқда.
Ўзбек делегациясининг Японияга ташрифи чоғида визаларни соддалаштириш, миграция жараёнларини рақамлаштириш ва рухсатномаларни олиш муддатларини қисқартириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва ноқонуний меҳнат миграциясининг олдини олиш юзасидан келишувларга эришди.
Япония адлия вазири Кейсуке Судзуки ушбу ташаббус орқали ўзбекистонликлар қонуний ва хавфсиз меҳнат қилиш, юқори маданиятли иш муҳитида тажриба орттириш ва ўз салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имконига эга бўлишларини таъкидлади.