Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги 83-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчи қизларининг жанжаллашгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, воқеа 2025 йил 29 апрел куни содир бўлган. Бошқарма хабарига кўра, жанжалдан кейин томонлар ўзаро ярашгани сабабли, дастлаб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга расмий мурожаат қилинмаган.
Шунга қарамай, Паст Дарғом тумани Ички ишлар бўлими томонидан ушбу воқеа юзасидан хизмат текшируви бошланган. Ҳодиса Қўшқудуқ маҳалласидаги автомобил йўли ва мактаб ҳудудида рўй бергани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 2007 йилда туғилган фуқаро Е.Б. жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларини қасддан менсимасдан, 83-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиларини уриб, уларга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат бўйича Паст Дарғом тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро Е.Б.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми (Бозорилик) асосида жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.