Туркияда кучли зилзила оқибатида деярли 70 киши жабрланди

03.06.2025 11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Мармарис шаҳри яқинида рўй берган 5,8 магнитудали зилзила натижасида камида 69 киши жароҳат олди, уларнинг аксарияти паника оқибатида баландликдан сакраган. Бир қизалоқ ҳалок бўлди.

Turkiya

Туркиянинг Мугла вилоятидаги Мармарис шаҳри яқинида 5,8 магнитудали кучли зилзила содир бўлди. RBК маълумотига кўра, зилзила эпицентри шаҳардан 10,4 км узоқликда, 67,9 км чуқурликда қайд этилган. Бу кучли зарба оқибатида деярли 70 киши жабрлангани хабар қилинди.

Вилоят губернатори Идрис Акбийик маълум қилишича, жабрланган 69 кишидан 14 нафарига биринчи ёрдам жойнинг ўзида кўрсатилган ва улар шифохонага ётқизилишдан бош тортган. Қолган 55 киши шифохонага етказилган, 10 нафар бемор тез ёрдам машинасида олиб борилган.

Айни пайтда 46 киши шошилинч тиббиёт бўлимларида муолажа ва кузатувда қолмоқда. 8 нафар бемор эса шифохонадан чиқарилган. Зилзила оқибатида аҳоли паникага тушиб, кўплаб фуқаролар уйлардан сакрагани таъкидланди.

Туркия ички ишлар вазири Али Ерликаянинг маълум қилишича, зилзила оқибатида 14 ёшли қизалоқ ҳалок бўлган. Шунингдек, жабрланганларнинг аксарияти таҳлика туфайли баландликдан тушиб, жароҳат олган.

Маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, аҳоли пунктларида биноларга катта зарар етмаган. Ҳукумат томонидан зарар кўрганларга тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш ишлари олиб борилмоқда.