Хитойда скутерлар натрий-ион батареяларига талабни оширмоқда

03.06.2025 17:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Хитой электр скутерлар орқали арзон ва хавфсиз натрий-ион батареяларини оммавий жорий этишда дунёда пешқадамга айланмоқда. Бу технология литий-ион ва қўрғошин-кислота аккумуляторларига муқобил сифатида кўрилаётгани бежиз эмас.

Batareya

Ҳанчжоу шаҳридаги «Yadea» компанияси натрий-ион батареясига эга учта янги скутер моделини намойиш қилди. Бу скутерларни 15 дақиқада 80 фоиз гача зарядлаш ёки QR-код орқали батареяни алмаштириш мумкин. Компания Шенчжэнда 150 мингта етказиб берувчи иштирокида синов дастурини бошлаган.

Натрий-ион батареялари бир қанча афзалликларга эга: улар хавфсизроқ, қизимайди, совуқ ҳавода самарали ишлайди ва литийга қараганда арзонроқ. Шу билан бирга, уларнинг энергия сиғими пастроқ бўлгани учун автомобиллар учун ҳали оммавий қўллашга тайёр эмас.

Хитойда 2023 йилда 55 миллиондан ортиқ икки ғилдиракли электр воситалари сотилган. Бу кўрсаткич технологияни оммалаштириш учун мустаҳкам бозор асосини яратади. 2030 йилга келиб Хитойдаги электр скутерларнинг 15 фоизи натрий-ион батареяларига эга бўлиши прогноз қилинмоқда. Қиёс учун, 2023 йилда бу кўрсаткич атиги 0,04 фоиз эди.

Натрий-ион технологияси шунингдек, шамол ва қуёш энергиясини сақлашга мўлжалланган станцияларда ҳам ишлатилаётгани қайд этилмоқда. Бу каби стационар тизимларда батарея оғирлиги муаммо эмас.

Айни пайтда нархи литий батареяларига нисбатан 60 фоизи қимматроқ бўлса-да, таҳлилчилар фарқ қисқаришини ва технологиянинг глобал бозорда рақобатбардош бўлишини кутмоқда.