Апрелда жаҳондаги марказий банклар олтин захираларини 12 тоннага оширди. Бу кўрсаткич март ойидаги ўсишга нисбатан анча паст. Полша 12 тонна олтин харид қилган ҳолда етакчиликни сақлаб қолди. Чехия 3 тонна, Хитой, Туркия ва Қирғизистон 2 тоннагача, Қозоғистон ва Иордания эса 1 тоннагача харид қилди.
Ўзбекистон эса ушбу даврда 11 тонна олтин сотган. Йил бошидан бери мамлакат 26 тонна соф олтин экспорт қилиб, жаҳондаги мутлақ етакчига айланди.
Феврал ойида Ўзбекистон 12 тонна олтин сотган ҳолда Қозоғистонни ортда қолдирган. Март ойида ҳам 11 тонна сотилиб, етакчилик сақланган эди. Апрел ойида эса 1,91 млрд долларлик олтин экспорт қилинди. Жорий йилнинг тўрт ойи давомида жами 5,48 млрд долларлик қимматбаҳо металлар сотилди, бу ўтган йилга нисбатан 60 фоизга кўп.
Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари ҳам рекорд даражага етди. Апрелда умумий захиралар 1,4 млрд долларга кўпайиб, 49,25 млрд долларни ташкил этди. Олтин захиралари 772,64 млн долларга ошиб, 37,65 миллиард долларга етди. Валюта захиралари эса 10,33 миллиард доллар миқдорида қолди.
Шунингдек, 2025 йилда биржада сотиладиган олтин ҳажмини ошириш ва зергaрлик марказлари учун махсус захиралар яратиш режалаштирилгани маълум қилинган.