«Газпром» Туркияда газ ҳаби яратиш режасидан воз кечди — Bloomberg

04.06.2025 11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

«Газпром» Европа бозорига қайта кириш учун муҳим деб баҳоланган Туркия орқали газ ҳаби лойиҳасини амалга оширишдан воз кечди. Bloomberg ёзишича, бу қарор бир неча ойлик таҳлиллардан кейин қабул қилинди.

Gazprom

Россиянинг энергетика гиганти «Газпром» Туркияда газ тақсимлаш маркази – газ ҳаби яратиш режаларини расман бекор қилди. Bloomberg’нинг маълум қилишича, бир неча ой давомида лойиҳани амалга ошириш имкониятлари ўрганилган бўлса-да, охир-оқибатда унинг ҳаётий эмаслигига қарор қилинган.

Туркия аввал «Турк оқими» ва «Зангори оқим» каби йирик газ қувурлари орқали Россия билан боғланган бўлиб, Европа бозорига қайтиш учун «Газпром» учун муҳим йўлак сифатида кўрилган эди. Бироқ 2024 йилда Украина орқали транзит тўхтаган ва «Шимолий оқим» қувурлари ишдан чиққани сабабли, компания Европа бозоридаги улушини йўқотган.

Манбаларнинг маълум қилишича, лойиҳага бошиданоқ компания ичида шубҳа билан қаралган. Туркия томони газни Европа бозорида Россия билан ҳамкорликда сотишга рози бўлмаган ва экспорт салоҳияти етарли эмаслиги ҳам лойиҳага тўсиқ бўлган.

Қарор натижасида «Газпром» Европа бозоридаги ўрнини қайта тиклаш имконидан маҳрум бўлди. Маълумотларга кўра, у ердаги экспорт авваллари ойига тахминан 8 млрд доллар даромад келтирган.

Лойиҳани Россия президенти Владимир Путин 2024 йил октябрда очиқ қўллаб-қувватлаган эди. Бироқ сиёсий ифодага қарамасдан, амалий тўсиқлар лойиҳанинг бекор қилинишига олиб келди.

Шунингдек, Европа Иттифоқи 2027 йилгача россия гази импортини тўлиқ тўхтатишни мақсад қилгани «Газпром» имкониятларини янада чеклади.