Россияда мусулмонлар ва чеченларни ҳақоратлаган блогерни ўғирлаб кетишди

04.06.2025 12:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Москвада бизнес-тренер ва блогер Арег Самвелович Шепихин ўғирлаб кетилди. Ҳодиса Ярослав вокзалида содир бўлди: бир неча киши уни Mercedes автомобилининг юкхонасига мажбуран солиб, махсус сигналли машинада олиб кетди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у ёрдам сўраган, аммо ҳеч ким ёрдам бермаган.

Rossiya

Шепихин ўзини Россиядаги ягона миллий спикер деб атаган ва ўзини ментор, маркетолог, бизнес-коуч, дунёдаги №1 визионер сифатида танитган. Унинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятида чеченлар, мусулмонлар ва бошқа шахсларга нисбатан ҳақоратли баёнотлар мавжуд бўлган.

Ўғирланишидан бир неча дақиқа олдин у Ярослав вокзалидан навбатдаги видеосини ёзиб, айрим блогерларни ҳақорат қилган. Бу видеоси орқали у ўз жойлашувини ошкор қилган бўлиши мумкин .

Ўғирлашда чеченистонликлар иштирок этган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, уни олиб кетган шахслар чечен акцентида сўзлашган. Чечен блогерлари унинг видеоларини тарқатиб, жазоланишини талаб қилишган.

Полиция Mercedes автомобилни Сколково ҳудудида тўхтатишга уринишган, аммо у қочиб кетган. Кейинроқ, автомобиль Киев шоссесида тўхтатилган, лекин у ерда Шепихин бор-йўқлиги номаълум бўлган. Ҳозирда полиция ушбу ҳолат бўйича текширув олиб бормоқда.