Илон Маск БМТни молиялаштиришни тўхтатишни таклиф қилди

04.06.2025 13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ тадбиркори Илон Маск БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг рақамли платформалар ҳақидаги баёнотидан сўнг БМТни молиялаштиришни тўхтатишга чақирди. У бу фикрни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида билдирган.

Ilon mask

Маск ўз муносабатини фойдаланувчи жойлаштирган видеога изоҳ сифатида ёзган. Ушбу видеода Гутерриш рақамли платформалар кўпинча одамларни чалғитиш ва бир-бирига нисбатан душманлик уйғотиш учун ишлатилаётганини таъкидлаган ҳамда халқаро ташкилотларни бу ҳолатга муносабат билдиришга чақирган. Маск эса бу изоҳга жавобан: “БМТни молиялаштиришдан маҳрум қилинг”, — деб ёзган.

Маск яқинда АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятидаги ҳукумат самарадорлигини ошириш бўйича идора — DOGE фаолиятини назорат қилган.

2025 йил май ойи бошида Трамп маъмурияти 2026-молиявий йил (1 октябрдан бошланади) учун мўлжалланган федерал бюджет лойиҳасини тақдим этди. Унда АҚШ томонидан БМТ, ЮНЕСКО ва ЖССТ каби ташкилотларга тўланадиган бадалларни вақтинча тўхтатиб туриш таклифи илгари сурилган.

Бюджет лойиҳасига кўра, президент исталган пайтда ушбу ташкилотларга маблағ ажратиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин. Бу мақсадлар учун 2,9 миллиард доллар миқдорида махсус “стратегик инвестициялар жамғармаси” ташкил этиш назарда тутилган.

Шунингдек, “зарар кўраётган тинчликпарвар миссиялар”, жумладан БМТ доирасидаги дастурларни молиялаштиришдан воз кечиш орқали 1,6 миллиард доллар тежаш таклиф этилган.