АҚШда IT битирувчилари ишсизликда гуманитарлардан ортда қолмоқда

04.06.2025 13:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда ахборот технологиялари (IT) соҳасини битирган ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси гуманитар йўналиш битирувчиларига нисбатан анча юқори бўлмоқда. Бу ҳолат сунъий интеллект ривожланиши фонида бозор талаблари ўзгариб бораётганини кўрсатмоқда.

Aqsh

Маълумотларга кўра, компьютер муҳандисларининг 7,5 фоизи, IT мутахассисларининг эса 6,1 фоизи ишсиз. Солиштириш учун, санъатшунослар орасида бу кўрсаткич 3 фоизни, парҳез мутахассисларида эса бор-йўғи 0,4 фоизни ташкил этган.

Мутасаддилар фикрига кўра, бу тенденция сунъий интеллект технологиялари жорий қилинганидан сўнг IT соҳасидаги анъанавий вазифаларнинг қисққариши билан боғлиқ. Энди иш берувчилар техник билимлардан ташқари, ижодкорлик, танқидий фикрлаш, мулоқот қилиш ва эмпатия каби шахсий кўникмаларни устувор деб ҳисобламоқда.

Айнан шу жиҳатлар гуманитар фанлар таълим тизимида кенг ўргатилади ва меҳнат бозорида уларга бўлган талаб ортиб бораётгани кузатилмоқда. Хусусан, медиа, психология, коммуникация ва таълим соҳаларида гуманитар билимли мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда.

Бу тенденция келажакда таълим стратегияларини қайта кўриб чиқиш ва универсал кўникмаларга эга кадрлар тайёрлашни талаб қилиши мумкин.