Апрелда эълон қилинган 10 фоизлик тарифлардан сўнг, Коммерция вазирлиги «232-бўлим» доирасида миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан импорт товарлар таҳлилини бошлади. Бу эса, келгусида божлар янада оширилиши мумкинлигини англатади.
«Aerospace Industries Association» — Boeing, Airbus, GE Aerospace ва бошқа юзлаб компанияларни ўзида бирлаштирган ташкилот — ҳукуматдан бож масаласида қарор қабул қилишни камида 180 кунга кечиктириш ва жамоатчилик муҳокамаси муддатини узайтиришни сўрамоқда.
Ташкилот Пенсилваниядаги авиация металл қисмлари ишлаб чиқарувчи корхонада содир бўлган ёнғин ишлаб чиқаришга қандай таъсир кўрсатганини эслаб, янги маҳаллий етказиб берувчи тайёрлаш ва хавфсизлик сертификатларини олиш учун камида 10 йил кераклигини таъкидлаган.
American Airlines, United, Delta каби йирик авиакомпаниялар иштирокидаги «Airlines for America» уюшмаси ҳам божлар авиачипталар нархи ва юк ташиш харажатларини ошириши, соҳа ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатишини қайд этган.
«Божлар иқтисодий ва миллий хавфсизликка зарба бўлиб, АҚШдаги тижорат авиацияси соҳасининг ўсиши, рақобатбардошлиги ва инвестицияларини чеклайди», — дейилади уларнинг АҚШ Коммерция вазирлигига йўллаган баёнотида.
Ташкилотлар, шунингдек, 1979 йилги Фуқаро авиацияси битимига кўра, Федерал авиация маъмурияти сертификатига эга қисмларни божсиз импорт қилиш имконини тиклашни талаб қилмоқда.