Россия армияси Сумини таҳдид остига олди — Украина хавотирда

04.06.2025 17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Украина шимолидаги Суми вилоятида фронт кенгаймоқда, Россия қўшинлари эса янги ҳужумлар орқали вилоят марказига яқинлашмоқда. Бу ҳақда 4 июн куни Украина расмийлари ва мустақил таҳлилчилар маълум қилди.

Urush

Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги кунларда бир неча қишлоқларни эгаллаганини, шанба куни эса Андрейевкани назоратга олганини эълон қилди. Украина томони бу маълумотни ҳозирча расман тасдиқламаган бўлса-да, мустақил DeepState таҳлил блоги бу ҳудуд Россия қўлига ўтганини тасдиқлаган.

Суми шаҳри — Украина шимолидаги йирик маъмурий марказ бўлиб, ҳозирда Россиянинг фронтдаги дронлари етадиган масофага яқинлашган. Украина ҳарбийларига кўра, Россия қўшинлари фронт бўйлаб тахминан 15 km олдинга силжиб, айрим жойларда 6–7 km чуқурликка кириб борган.

Агар Россия қўшинлари Юнакивкани эгалласа, Суми шаҳри бевосита ҳужум таҳдиди остида қолади. Суми вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоревга кўра, ҳозирги вазият мураккаб ва тез ўзгарувчан. Унинг таъкидлашича, Россия томонидан чегарадаги қишлоқлар доимий равишда ўққа тутилмоқда.

Ўтган дам олиш кунларида вилоят ҳокимияти хавфли вазият туфайли яна 11 та қишлоқ аҳолисини мажбурий эвакуация қилди.

Сўнгги кунларда Украина ҳам бир қатор жавоб ҳужумлари амалга оширди — Россиянинг стратегик бомбардимончи самолётлари ва Қрим кўприги зарбага учради. Аммо Россия Сумидa босимни оширмоқда ва Донбассда тўлиқ назорат ўрнатишни мақсад қилган.

Туркияда ўтказилган сўнгги музокараларда Москва урушни тўхтатиш учун Киевдан янги ҳудудлардан воз кечиш ва армия салоҳиятини чеклашни талаб қилган. Киев бу шартларга рози бўлиши эҳтимолдан йироқ.