Президент фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида мамлакатни минтақавий IT марказига айлантириш ва Электрон ҳукумат индекси бўйича дунёдаги илғор 30 давлат қаторига киритиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон БМТнинг сўнгги ҳисоботига кўра, 193 давлат орасида 63-ўринга кўтарилди ва илк бор «жуда баланд» ривожланган давлатлар гуруҳига киритилди.
Ҳозирга қадар «Рақамли ҳукумат» дастури доирасида 258 та лойиҳа амалга оширилди, 42 та лойиҳа эса бажарилиш жараёнида. Соғлиқни сақлаш соҳасида «DMED» ахборот тизими орқали 470 та тиббиёт муассасаси рақамлаштирилиб, 32 миллион беморнинг маълумотлари электрон шаклда йиғилди.
2023–2025 йилларда жами 300 та устувор рақамли лойиҳа амалга оширилиши белгиланган бўлиб, бунинг асосий мақсади ҳужжатлар айланмаси ва давлат фуқаролик муносабатларини тўлиқ рақамли шаклга ўтказишдан иборат. Бу эса ариза ёзиш, шакл тўлдириш ва ҳужжат йиғиш каби бюрократик жараёнларни бекор қилиш имконини беради.
Ягона порталда жорий йил бошидан 51 та янги электрон хизмат жорий қилинди ва умумий сони 751 тага етди. Порталнинг мобил иловасидаги хизматлар сони эса 565 тагача кўпайди. 2025 йил якунига қадар 20 та оммабоп хизмат жорий қилиниши ва 10 та хизмат тури композит кўринишда тақдим этилиши кўзда тутилмоқда.
Бу ҳақда парламент қуйи палатаси мажлисида маълум қилинди. Мажлисда Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг парламент сўровига берган жавоби кўриб чиқилиб, маълумот учун қабул қилинди.