Ўзбекистонда ҳар тўртинчи фуқаронинг банкдан қарзи бор

04.06.2025 20:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда банк кредитидан фойдаланувчи фуқаролар сони 2024 йил якунига келиб 4,7 млн нафарга етди. Бу меҳнатга лаёқатли аҳолининг ҳар тўрттадан биттасида қарз борлигини англатади.

Cho'ntak

Ўзбекистонда банк кредити олувчи фуқаролар сони йил сайин ортиб бормоқда. 2020 йил бошида ҳар 1 000 меҳнатга лаёқатли шахсдан 100 нафардан кўпроғида қарз мавжуд бўлган бўлса, 2024 йил якунига келиб бу кўрсаткич 224 нафарга етган.

Бугунги кунда мамлакатда қарзи бор шахслар сони 4,7 миллион нафарни ташкил қилмоқда. Бу меҳнатга лаёқатли аҳолининг тахминан 22,4 фоизини ташкил этади. Маълумотларга кўра, ҳисоб-китоблар фақат меҳнатга лаёқатли аҳоли орасида амалга оширилган. Яъни, эркаклар 16 ёшдан 60 ёшгача ва аёллар 16 ёшдан 55 ёшгача бўлган тоифалар инобатга олинган.

Сўнгги йилларда истеъмол кредити, автокредит ва ипотека каби турли қарз воситаларининг оммалашуви аҳолининг банк тизимига кўпроқ мурожаат қилишини таъминламоқда. Бу жараён аҳолининг молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайиб бораётганини ҳам кўрсатади.

Бироқ мутахассислар аҳолининг ортиб бораётган қарз юки келгусида молиявий барқарорликка хавф туғдириши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Бу айниқса даромади кам қатлам ва нотўлиқ банд аҳоли учун муҳим муаммога айланиши мумкин.

Шу билан бирга, тўлов интизоми, кредит таълим ва молиявий саводхонлик даражаси аҳолининг қарз юкини қандай бошқаришини белгилаб беради. Мутасаддилар ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлашмоқда.