Маск ва Трамп энди душманми? Миллиардер Оқ уйнинг солиқ лойиҳасини «расво» деб атади

05.06.2025 08:45 | 4 дақиқада ўқилади.

Илон Маск АҚШ президенти Дональд Трампнинг янги солиқ ва харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасини кескин танқид қилди. У бу ташаббусни «расво» деб атаб, уни қўллаб-қувватлаганларга нисбатан танқидий баёнот берди.

Trump musk1

Маск ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида «Бундай қонун учун овоз берганлар уялиши керак», деб ёзди. У 31 май куни Трамп маъмуриятидаги лавозимидан кетганди. Маск 129 кун давомида харажатларни қисқартириш бўйича DOGE гуруҳига раҳбарлик қилган.

Конгресс ҳисоб-китобларига кўра, лойиҳа келаси молиявий йилда 600 млрд доллар бюджет танқислигини келтириб чиқаради. Маск эса умумий танқислик 2,5 трлн долларга етиши ва бу «Америка фуқароларини қарз қуллигига туширади» деб ҳисоблайди.

Шунга қарамай, Трамп бу ташаббусни «катта ва чиройли қонун» деб аташда давом этмоқда. У Маск билан келишмовчиликка қарамасдан, «у ҳар доим биз билан бўлади» деб ишонч билдирган. Маск эса ноябрдаги Конгресс сайловларида «халқни сотган сиёсатчилар»ни лавозимдан четлатиш лозимлигини айтди.

Қонун лойиҳаси 2017 йилда жорий этилган солиқ имтиёзларини узайтириш, ноқонуний мигрантларни депортация қилиш харажатларини ошириш, мудофаа сарфларини кўпайтириш ва давлат қарзининг юқори чегарасини 4 трлн долларгача оширишни назарда тутади.

Фискал консерваторлар, жумладан сенатор Рэнд Пол бу ташаббусни қабул қилиб бўлмас деб баҳолашди. Сенатда муҳокама бошланган, республикачилар партия етакчиси Жон Тун «батафсил ҳаракатда давом этамиз» деб баёнот берди.

Палата спикери Майк Жонсон, ўзини Маскнинг «дўсти» деб атаб, телефон орқали суҳбатлашганини ва «у хато қилаётганидан афсусдалигини» айтди. Қонун 4 июлгача қабул қилиниши лозим. Трамп бюджет муҳолифларини тинчлантириш учун халқаро ёрдам ва USAID, PBS, NPR орқали 9,4 млрд доллар тежамкорлик режасини таклиф қилди.

Бу орада демократлар Маскнинг танқидини олқишлади. Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер: «Ҳатто Трампнинг иттифоқчиси Маск ҳам бу қонуннинг ёмон эканини тан олди», — деди.