АҚШ халқаро талабаларсиз 43,8 млрд доллардан айрилиши мумкин

05.06.2025 17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ университетларида таҳсил олаётган халқаро талабалар сони 2023-2024 ўқув йилида 1,1 миллион нафарга етди. Улар мамлакатдаги барча олий таълим талабаларининг 5,6 фоизини ташкил этади. Бу талабалар иқтисодиётга 43,8 млрд доллар қўшган, шу билан бирга 378 мингдан ортиқ иш ўрни яратилган. Аммо сўнгги сиёсий қарорлар ва муҳожирлик сиёсатидаги ўзгаришлар уларнинг келажагини хавф остига қўймоқда.

Aqsh tashqi qarz

Хусусан, Калифорния, Ню-Йорк ва Техас штатлари энг кўп халқаро талабаларни қабул қилган. Калифорниядаги 140 мингдан ортиқ талабалар 6,4 млрд доллар фойда келтирган. Ню-Йоркда 135 минг талабадан 6,3 млрд доллар, Техасда эса 2,5 млрд долларлик иқтисодий фойда қайд этилган.

Бироқ сўнгги пайтларда АҚШ ҳукумати халқаро талабаларга нисбатан янги чекловлар жорий қилмоқда. Масалан, май ойида АҚШ Давлат департаменти барча элчихоналарда талабалар учун янги виза белгиланишини вақтинча тўхтатди. Шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали назорат ва қонуний хавфлар талабаларнинг мамлакатдаги мавқеини мураккаблаштирмоқда.

NAFSA халқаро таълим ташкилоти раҳбари Фанта Ов таъкидлаганидек, АҚШнинг таълим тизимига бўлган ишонч сусаймоқда. Унинг сўзларига кўра, талабалар барқарорлик ва ишончли тизим изламоқда. Агар бу жараён давом этса, АҚШ ўз мавқеини йўқотиши мумкин.

Халқаро талабалар орасида энг оммалашган мутахассисликлар — математика ва компютер фанлари, муҳандислик, бизнес ва бошқарув. Улар орасида ярмига яқини магистратурада таҳсил олмоқда, қолганлари бакалавриат, амалиёт ва бошқа дастурларда қатнашмоқда.

АҚШдаги талабаларнинг бир қисми ўз юртига қайтиб миллий ривожланишга ҳисса қўшса, бошқалари мамлакатда қолиб солиқ тўлаш, иш ўринлари яратиш ва иқтисодиётни ривожлантиришда иштирок этади. Бироқ талабалар сони камайиши университетлар учун молиявий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Ҳозирда Германия, Япония, Жанубий Корея ва Яқин Шарқ мамлакатлари халқаро талабаларни фаол равишда қабул қилмоқда. АҚШ эса улар билан рақобатда ўз ўрнини йўқотиши хавфи остида турибди.