Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан ўзбекистонликларни самимий табриклади

05.06.2025 19:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Шавкат Мирзиёев Қурбон ҳайити муносабати билан ўзбекистонликларни самимий табриклади

Qurbon tabrigi

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити муносабати билан табрик йўллади. У ўз табригида бутун мамлакат аҳли ва мўмин-мусулмонларни улуғ ва мўътабар айём билан самимий муборакбод этди.

авлат раҳбари ушбу байрамнинг тинч ва осойишта муҳитда ўтаётгани учун Аллоҳ таолога шукроналар билдирди. У, шунингдек, Ўзбекистонда миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш ҳамда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Президент Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси марказини ҳам тилга олди. Унинг таъкидлашича, ушбу илмий-маънавий лойиҳа нафақат мамлакатда, балки халқаро майдонда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шавкат Мирзиёев шу кунларда 15 мингга яқин ўзбекистонлик ҳаж зиёратида эканини эслатди ва уларга хайрли дуолар йўллади. Давлат раҳбари ҳожиларнинг юртга соғ-саломат қайтиб келишларини тилаб, уларни ёшларни илм-маърифатга ундаш, оилаларда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш ва муҳтожларга ёрдам беришда ибрат бўлишга чорлади.

Президент хориждаги ватандошларни ҳам муборак айём билан табриклаб, уларга соғлик-саломатлик ва омад тилади. У дунёдаги мураккаб шароитга қарамай, юртда тинчлик ва тотувликни сақлаш орқали қўйилган мақсадларга эришиш мумкинлигини таъкидлади. Шавкат Мирзиёев мард ва олийжаноб халқимиз бунга қодир эканини алоҳида қайд этди.

Ўз табриги ниҳоясида президент барча юртдошларга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик ва хонадонларга файзу барака тилади ҳамда Қурбон ҳайитини яна бир бор самимий муборакбод этди.