2023 йилда уй нархлари 18,2 фоизга ошган бўлса, 2024 йилда бу ўсиш анча секинлашган. Бу айниқса ипотека шартларининг оғирлашгани ва бозорда реал нархлар шакллана бошлаши билан боғлиқ. Ипотека фоизларининг ўсиши, тўлов муддатининг қисқариши натижасида аҳолининг қарз тўлаш имконияти камайди.
Ўтган йили ўртача иш ҳақи 17,8 фоизга ўсган бўлса, ипотека тўловлари 44 фоизга кўтарилган. Шу туфайли одамларнинг уй харид қилиш қобилияти 27 фоизга пасайган.
2024 йил давомида 329 мингта уй сотилган — бу 2023 йилга нисбатан 2,2 фоизга кам. Ипотека кредитлари ҳажми 17,1 трлн сўмни ташкил этди ва унинг 92 фоизи уй сотиб олишга йўналтирилди. Шу билан бирга, кредитлар сони 14 фоизга камайди.
Ипотека кредитларининг ўртача миқдори 291 млн сўмни ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 18 фоизга кўп. Кредит фоиз ставкалари ўртача 0,5 фоизга ошиб, 19,8 фоизни ташкил қилган. Марказий банк маълумотича, талабнинг пасайиши ва кредит шартларининг оғирлашиши банклар учун ҳам таваккалчиликни камайтиради.