«У ўзини заиф кўрсатишдан қўрқади» — сиёсатшунос Путиннинг сукути ҳақида

18:00 | 5 дақиқада ўқилади.

Иш ҳафтаси якунига келиб, Путин ҳанузгача Украина Қуролли кучларининг Россия стратегик бомбардимончиларини нишонга олган зарбаларига изоҳ бермади — гарчи у Трамп билан суҳбатда бу ҳужумларга «жавоб беришни» ваъда қилган бўлса-да.

Gallyamov

Путин нима дейишни билмаяпти, деб тахмин қилди «Можем объяснить» нашри билан суҳбатда сиёсатшунос, Путиннинг собиқ нутқ ёзувчиси Аббас Галлямов.

«У кучли эканлигини намойиш этиш керак — зарбага зарба билан жавоб қайтариш лозим. У одамларнинг олдига чиқиб, “азиз россияликлар, биз шундай амалиёт ўтказдик ва душманни унинг инида топиб йўқ қилдик”, дейиши керак. Бу ана шундай улкан бир хитоб бўлиши керак — аммо бундай ғоя топа олишмаяпти, чунки айтарли нарсанинг ўзи йўқ. Чиқиб, ўз бошидан кул очиш, интиқом ваъдасини бериш, мушт дўлайтириш — у бундай чиқишларини ўзини заиф кўрсатиш деб билади, ҳис қилади. Гапларнинг амалдаги ишга нисбатан қиймати қанча? Шунинг учун ҳам у жим қолди».

Путин одамларнинг воқеаларга муносабатини айнан ўзи белгилайди, деб ҳисоблайди, дейди Галлямов.

«У ўзини ибтидо нуқтаси деб кўради, яъни нолинчи километр. Россияликлар бўлаётган воқеаларга тўғридан тўғри қарашмайди, балки Путиннинг бу воқеага муносабати орқали баҳолайди. Агар у чиқиб бирор мавзу бўйича гапирса — демак, бу муҳим. Бинобарин, унинг имижига зарар етказадиган воқеанинг мақомини оширишнинг нима кераги бор? Украина бизга зарба берди. Агар мен жим турсам — демак, бу воқеанинг аҳамияти тушади. Одамлар ҳам “Путин бу ҳақда гапирмади-ку, демак, бунчалик ҳам муҳим эмас экан”, деган хулосага келади».

Аслида, бу ёндашув энди ишламайди, деб ҳисоблайди сиёсатшунос.

«Илгари шундай эди — аммо ҳозир Путиннинг воқеага муносабатини фақат россияликларнинг 25 фоизи ҳисобга олади, холос. Қолган учдан тўрт қисм одамлар ўз муносабатини мустақил равишда шакллантиради, Путин нимани гапириши ёки гапирмаслигидан қатъи назар. Шу маънода, албатта, реакциянинг йўқлиги россияликларнинг 75 фоизи учун номақбул кўринади. Бу ҳозирги вазиятда тўғри позиция эмас, чунки унинг тарафдорлари гуруҳи қисқариб бормоқда ва ярмидан ҳам камроқни ташкил этади. У тобора озчилик учун ишлаяпти, кўпчиликни эса йўқотишда давом этмоқда. Аммо у консерватив, ўзгармайди. Илгари Сурков билан Павловский унга «инкор этишни ўрганиш керак», деб тушунтиришганди. Лекин у пайтда у кўпчиликнинг президенти эди, умидлар президенти эди. Ҳозир эса тамом, ҳатто унинг садоқатли тарафдорлари ҳам ундан умид қилмайди».

Путиннинг энг катта хавотири — заиф кўринишдан қўрқиши, дейди Галлямов.

«У биладики, заифни янчишади, талашади. Шунинг учун ҳам у бутун дунёдаги энг кучли инсон сифатида кўриниш ҳақида қайғуради. Аслида, айнан шунинг учун уч йилдан бери россияликлар фронтда ҳалок бўлаяпти», деб ўз фикрларини мухтасар қилган сиёсатшунос.