Қирғизистонда Лениннинг энг баланд ҳайкалларидан бири олиб ташланди

20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида жойлашган Владимир Илич Ленин ҳайкали 7 июн куни расман демонтаж қилинди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВга таяниб Lenta.ru хабар берди. Ҳайкал мамлакатдаги энг баланд Ленин ёдгорликларидан бири ҳисобланган ва узунлиги тахминан 19 метрга тенг бўлган.

Lenin osh

Маҳаллий расмийлар қарорни шаҳар марказини қайта лойиҳалаш ва ҳудудни замонавий талабларга мослаштириш зарурати билан изоҳлади. Ҳайкал 1970 йилларда ўрнатилган бўлиб, СССРнинг сиёсий рамзи сифатида узоқ йиллар давомида сақланиб келган.

Ўш шаҳар ҳокимияти маълум қилишича, ҳайкал олиб ташланганидан сўнг унинг тақдири ҳақида ҳали якуний қарор қабул қилинмаган. Мумкин бўлган вариантлар орасида ҳайкални музей ёки тарихий мажмуалардан бирига кўчириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Бу жараён жамиятда турли фикрларга сабаб бўлди. Айрим фуқаролар бундай ёдгорликлар тарихий мерос сифатида сақланиши кераклигини таъкидласа, бошқалар бу совет давридан воз кечиш ва янги босқичга ўтиш рамзи сифатида баҳоламоқда.

Қирғизистонда сўнгги йилларда совет даври ёдгорликларини қайта кўриб чиқиш ва уларни жойларидан олиб ташлаш ҳолатлари тобора кўпайиб бормоқда. Ўшдаги ушбу ҳолат шулардан навбатдагиси бўлди. Аввалроқ мамлакат пойтахти Бишкекдаги Ленин ҳайкалини ҳам демонтаж қилиш масаласи кўтарилган эди.