Путин нефт нархи пасайишидан жиддий хавотирда

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Йил бошидан бери Brent нефти нархи 12 фоизга тушди, бу эса Россия ҳукуматида хавотир уйғотди. Хусусан, улар 2025 йил иккинчи ярмида нефть бозорида таклифнинг ортиб кетиши натижасида нархлар янада пасайишидан қўрқмоқда.

Putin opec

Бу ҳақда OPEC+ ички музокаралари билан таниш манба Reuters агентлигига маълум қилган.

Июн ойи бошидаги йиғилишда OPEC+ аъзолари нефт қазиб чиқариш ҳажмини 411 минг баррелга оширишга келишиб олди. Апрел ва май ойларидаги қарорлар билан биргаликда умумий оширилган ҳажм кунлик 1,2 млн баррелга етди. Йил охиригача бозорга қўшимча 2,2 млн баррел нефт чиқариш режалаштирилмоқда — бу сўнгги 5 йилдаги энг катта кўрсаткичдир.

Россия эса йиғилишда бундай оширишга қарши чиқди. Bloomberg ва Reuters манбаларига кўра, ушбу қарорни Саудия Арабистони олға сурди. Маълум бўлишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия томонга нефт нархларини тушириш юзасидан мурожаат қилган.

Янги OPEC+ квоталарига мувофиқ, Россия кунига 262 минг баррелгача экспорт ҳажмини ошириш ҳуқуқини олди. Бироқ маҳаллий нефт компаниялари бундай имкониятдан фойдаланишга ошиқмаяпти — чунки нархларнинг яна пасайишидан хавфсирамоқда.

2025 йил бошидан буён Brent навли нефти 12 фоиз арзонлашган бўлса, Россиянинг Urals навли нефти 21 фоизга — январ ойидаги баррелига 66 долларлик нархдан майда 52 долларгача тушди. Бу эса мамлакат бюджетига кучли зарба берди: январ–апрел ойларида нефть-газ даромадлари 12 фоизга қисқарган бўлса, май ойига келиб ушбу пасайиш 34 фоизга етди.