Украинанинг Россия чегарасига яқин жойлашган энг йирик шаҳарларидан бири саналмиш Харкив 3 йилдан ортиқ давом этаётган уруш мобайнида доимий ўққа тутилмоқда. Шаҳар мэри Игор Терехов бу ҳужумни «уруш бошланганидан бери Харкивга қилинган энг кучли зарба», деб атади.
Тереховнинг маълум қилишича, шаҳардаги кўп қаватли ва хусусий ҳовли-жойлар, таълим муассасалари ҳамда инфратузилма объектлари нишонга олинган. Reuters ва маҳаллий расмийлар тарқатган суратларда ёнган ва вайрон бўлган бинолар, машиналар ҳамда қутқарувчиларнинг жароҳатланганларни эвакуация қилаётгани акс этган.
Харкив области раҳбари Олег Синеҳубовнинг айтишича, шаҳарнинг фуқаролик саноати объектларидан бирига 40 та дрон, 1 та ракета ва 4 та бомба ёғдирилган. Ҳужум натижасида ёнғин чиққан, вайрона остида одамлар қолган бўлиши мумкин.
Кечки пайтда Россия авиацияси Харкивни бошқарилувчи бомбалар билан яна бир бор нишонга олди. Президент Володимир Зеленский буни «навбатдаги шафқатсиз қотиллик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, бир кеча-кундузда шаҳар ёппа ҳужумга учраган ва бу ҳужумларда ўнлаб инсонлар яраланган.
Украина армияси маълумотларига кўра, бир кеча мобайнида Россия бутун Украина бўйлаб 206 та дрон, 2 та баллистик ва 7 та бошқа турдаги ракета учирган. Украина ҳаво мудофаа кучлари 87 та дронни йўқ қилган, яна 80 таси электрон кураш воситалари ёрдамида четга бурилган ёки ёлғон нишонлар бўлган. Ҳужумда 10 та жойга зарба берилган.