AirPods энди iPhone камерасини бошқара оладиган бўлади

15:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Apple AirPods қулоқчинлари бош ҳаракати ва тегиниш орқали камерани бошқариш, овоз баландлигини назорат қилиш ҳамда синхрон таржима функцияларига эга бўлади. Янгиликлар iOS 26 билан бирга 2025 йил кузида жорий этилади.

Airpods

Apple компанияси ўзининг AirPods қулоқчинларига бир қатор янги функциялар қўшмоқда. 9to5Mac нашри журналисти Маркус Мендесга кўра, тўртинчи авлод AirPods ҳамда AirPods Pro 2 моделлари энди iPhone камерасини бош ҳаракати ва тегиниш орқали бошқара олади.

Янги имкониятлар орасида қулоқчин орқали овоз баландлигини бош ҳаракат билан ўзгартириш, шунингдек, шовқинни йўқотиш режимини фаоллаштириш мумкин бўлади. Бу функциялар расман iOS 26 операцион тизими тақдим этилиши билан бирга жорий этилади.

Бундан ташқари, фойдаланувчи қулоқчинга енгил тегиниш орқали камера тугмасини фаоллаштириши мумкин бўлади. Видео ёзиш пайтида эса iPhone’ларда мавжуд «Аудиомикс» функцияси орқали «Кадрда», «Студия» ёки «Киноэффект» режими танлаш имкони туғилади.

Apple қулоқчинларига яқин келажакда яна бир илғор функция — реал вақтда синхрон таржима қилиш қобилияти ҳам қўшилиши кутилмоқда. Bloomberg мухбири Марк Гурманга кўра, бу тизимда фойдаланувчи чет тилидаги нутқни эшитганда, iPhone автоматик тарзда уни фойдаланувчининг она тилига таржима қилади ва AirPods орқали эшиттиради. Фойдаланувчи жавоб берганда эса унинг сўзлари автоматик таржима қилиниб, суҳбатдошга iPhone динамиги орқали узатилади.

Барча янгиликлар 9 июн куни бўлиб ўтадиган WWDC25 анжуманида намойиш этилиши кутилмоқда. Бу Apple’нинг қулоқчинлар соҳасидаги энг инновацион янгиланишларидан бири сифатида баҳоланмоқда.