Бу қарорга шаҳарда ноқонуний мигрантларга қарши рейдларга қарши ўтказилган норозилик намойишлари ортидан келинган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Жума куни кечқурун Парамаунт туманида (асосан лотин америкаликлар яшайдиган ҳудуд) Ички хавфсизлик ва миграция хизмати (ICE) ходимлари ҳамда маҳаллий аҳоли ўртасида тўқнашувлар бошланди. ICE ходимлари юзлаб намойишчиларни тарқатиш учун кўз ёши оқартувчи газ ва калтаклардан фойдаланган. Айрим намойишчилар Мексика байроқларини кўтариб чиққан.
Тарқалган видеоларда кўринишича, Парамаунт кўчаларида дуд туман остида юзлаб хавфсизлик ходимлари противогазларда туришган, атроф эса ағдарилган аравачалар билан тўлган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, айрим намойишчилар ҳибсга олинган, аммо расмий тасдиқланган маълумотлар ҳозирча берилмаган. Лос-Анжелес полицияси бир нечта шахсга «бир неча марта огоҳлантиришга қарамасдан тарқалмагани» учун чора кўрилганини маълум қилган.
АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс бу воқеалар юзасидан X саҳифасида шундай ёзди: «Чет эл байроқлари билан чиққан исёнчилар миграция ходимларига ҳужум қилмоқда, Америка раҳбариятининг ярми эса чегарани қўриқлашни ёмонлик деб билади».
Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет эса зўравонлик давом этса, ҳукумат яна қўшимча кучларни сафарбар этишга тайёр эканини билдирди. Унга кўра, яқиндаги Кэмп-Пендлтон базасидаги денгиз пиёда қўшинлари олдиндан тайёр ҳолатга келтирилган. Оқ уй расмий баёнотида Миллий гвардия «қонунсизликка қарши курашиш учун» жойлаштирилаётгани қайд этилган.
Калифорния губернатори Гэвин Нюсом бу қарорни «қасддан жанжал чиқариш» деб атади ва Миллий гвардиянинг жалб этилиши ҳуқуқ-тартибот ходимлари етарли эмаслиги учун эмас, балки сиёсий намоиш учун амалга оширилаётганини билдирди.
Лос Анжелес мэри Карен Басс ҳам бу рейдларни қоралаб, «бундай ҳаракатлар шаҳримиз хавфсизлиги ва аҳолимиздаги ишончни йўқотади», деди.
Трамп эса Truth Social орқали жавоб қайтариб, губернатор ва мэрни танқид қилди: «Агар улар ишни уддалай олмаса, федерал ҳукумат ташаббусни қўлга олади ва бетартиблик ва талончиликка барҳам беради!».
Маълумот учун, АҚШ президенти миллий хавфсизлик, табиий офатлар ва фуқаролик тартибсизликлар ҳолатида Миллий гвардияни жойлаштириш ваколатига эга. Бунга ўхшаш охирги ҳолат 1992 йилда айнан Лос Анжелесда содир бўлган эди.
Трампнинг ноқонуний миграцияга қарши кампанияси доирасида ушбу рейдлар мамлакатнинг бир неча шаҳрида ўтказилмоқда.