Бу ҳақда EastFruit таҳлилчилари маълум қилди.
16–22 май кунлари Тошкентдаги улгуржи бозорларга илк катта партия тарвуз етказиб берилган. Бу ўтган йилга нисбатан тахминан бир ҳафтага илгарироқ. 23 май ҳолатига кўра, тарвузнинг ўртача улгуржи нархи 7000 сўмни ташкил этарди — бу 2021 йилдан бери айнан шу даврдаги энг юқори кўрсаткич бўлган.
Бироқ атиги бир ҳафтада — 23 майдан 30 майгача — нарх 2,8 баробарга тушиб, 2500 сўмни ташкил қилди. Бу сўнгги беш йилдаги энг тез нарх тушиши сифатида қайд этилди.
EastFruit мутахассисларига кўра, бундай кескин пасайишнинг асосий сабаби ички бозорда маҳсулот таклифининг кескин ошиши бўлган. Май охирида тарвузнинг ўртача улгуржи нархи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан икки баробар паст бўлса-да, 2023 йил май ойи охиридаги кўрсаткичдан 25 фоизга баланд бўлиб турибди.
Полиз маҳсулотлари мавсуми бошланишидаёқ тарвуз нархининг тушиши унинг ташқи бозорларга чиқарилишини фаоллаштирмоқда.
2020 йилдан буён Ўзбекистонда тарвуз сабзавот-мевалар сегментидаги асосий экспорт товарларидан бирига айланган. 2023 йилда мамлакат 104,7 минг тонна тарвуз экспорт қилиб, рекорд ўрнатган, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 98,5 минг тоннани ташкил қилган.