Россия ва Ғарб бой берган жойда Ўзбекистон қурилиш қилмоқда – эксперт

08:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Халқаро муносабатлар бўйича эксперт Жеймс Дюрсонинг айтишича, расмий Тошкент Ғарб ёки Россия каби Афғонистондан юз ўгирмасдан, у ерда амалий ва стратегик лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Taliban1

Унга кўра, бу лойиҳалар Ўзбекистоннинг янги бозорларга чиқиши ва минтақавий барқарорликка ҳисса қўшишига хизмат қилади.

Ҳозир Трансафғонистон темир йўли, Сурхон — Пули-Хумри электр узатиш линияси ва Термиз эркин иқтисодий зонаси каби йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Уларнинг барчаси Марказий ва Жанубий Осиёни боғлашга қаратилган.

Термиздаги эркин иқтисодий зона афғон тадбиркорлари учун икки ҳафталик виза, божхона, омбор ва 900 минг тоннагача товар қабул қилиш имкониятини тақдим этмоқда. Шунингдек, темир йўл лойиҳаси орқали Покистон портларига чиқиш арзонлашиб, юк ташиш харажатлари 30–40 фоизга камайиши кутилмоқда.

Электр линияси 1000 MW қувватга эга бўлиб, Афғонистоннинг транспорт тармоғини электрлаштириш ва CASA-1000 лойиҳасига уланиш имкониятини беради. Айни пайтда Ўзбекистон Афғонистонга электр энергиясининг тахминан 60 фоизини етказиб бермоқда.