Сўнгги ўн йилликларда Кобулда ер ости сувлари сатҳи 30 метргача пасайди. Бу жараёнга асосий сабаб сифатида шаҳарлашув ва иқлим ўзгариши кўрсатилмоқда. Маҳаллий қудуқларнинг ярми қуриган. Сув истеъмоли эса табиий равишда тикланиш суръатидан анча юқори — ҳар йили тахминан 44 миллион куб метр сув етишмаяпти.
Mercy Corps ташкилотининг Афғонистондаги раҳбари Дэн Каррининг сўзларига кўра, сув танқислиги аҳолини кўчишга мажбур этади. Бу эса миграция босими ва ижтимоий муаммоларни кучайтиради. Шу боис халқаро ҳамжамиятнинг ёрдами зарур экани таъкидланди.
Сув танқислиги билан бирга, унинг сифати ҳам катта муаммога айланган. Ер ости сувларининг тахминан 80 фоизи канализация чиқиндилари, туз ва оғир металлар билан ифлосланган. Кобулликлар тоза сувни пулга сотиб олишга мажбур бўлмоқда, баъзи оилалар эса даромадининг учдан бирини шу эҳтиёжга сарфлайди. Коммунал қарзлар эса кўплаб хонадонларда молиявий инқироз келтириб чиқарган.
Маълумотларга кўра, Кобул шаҳри Кобул дарёси бўйида жойлашган бўлиб, аҳолиси 4 миллиондан зиёдни ташкил этади. Шаҳар номи ҳам айнан ушбу дарё номи билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги қайд этилган.