Бу ҳақда Quick Resto ресторан автоматлаштириш платформаси маълумотларига таяниб, «Газета.ру» хабар берди. Тадқиқотда турли форматдаги умумий овқатланиш жойлари, жумладан, кичик кўча палаткалари ва классик таом таклиф этувчи кафелар қамраб олинган.
105 рубллик нарх ошиши сўнгги уч йилда қайд этилган энг юқори кўтарилиш бўлди. Бу ҳолатга асосий сабаблар сифатида масаллиқлар нархининг ошиши, логистика харажатлари, ижара нархлари ўсиши ва овқатланиш соҳасида иш ҳақининг индексацияси келтирилмоқда. Шунга қарамай, маҳсулотга талаб ҳам ўсишда давом этмоқда: сўнгги бир йилда шаурма сотуви 28 фоизга кўпайди, савдо нуқталари сони эса 38 фоизга ошди.
2024 йил ёзида «Роскачество» федерацияси ҳамда Рестораторлар ва меҳмонхоначилар уюшмаси билан ҳамкорликда шаурма ва шаверма учун миллий стандарт ишлаб чиқиш бошланган. Янги ГОСТ 2025 йилда кучга кириши кутилаяпти ва унда ингредиентлар, тайёрлаш, сақлаш ва ташиш қоидалари, шунингдек, маҳсулотнинг радиация ва токсиклик меъёрлари ҳам белгиланади.
Россияда умумий озиқ-овқат инфляцияси ҳам юқори суръатда ўсмоқда. Росстат маълумотига кўра, 2024 йилда бу кўрсаткич 11,05 фоизни ташкил этиб, сўнгги тўққиз йилдаги энг юқори даражага етди. Айниқса, сабзавот нархлари рекорд даражада ошиб кетди: масалан, картошка нархи бир йил ичида 173 фоизга кўтарилиб, 1 кг учун 84,7 рублни ташкил қилмоқда. Пиёз 87,2 фоизга, карам эса 56,8 фоизга қимматлашган.
Ўтган йил октябрида бош вазир ўринбосари Дмитрий Патрушев озиқ-овқат инфляциясига қарши шошилинч чоралар кўришни талаб қилган эди. Россия аҳолиси ўртасида ўтказилган сўровларга кўра, нархлар ўсиши расмий кўрсаткичдан уч баравар юқори, яъни тахминан 30 фоиз бўлган. Шундан сўнг ҳукумат айрим сабзавотларга боғлиқ бож тўловларини бекор қилди. Бироқ май ойида Патрушев ҳукумат кеч ҳаракат қилганини тан олди.
Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилишича, мамлакатдаги ички сабзавот захиралари деярли тугаган ва ҳозирги пайтда импортга таянишга мажбур бўлинмоқда. ФОМ сўровига кўра, россияликларнинг 45 фоизи сабзавот ва мевалар нархи, 47 фоизи эса гўшт ва парранда маҳсулотларининг қимматлашганини алоҳида қайд этган.